5 сентябрь куни Тошкент вилоятида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ваколатли органларининг «Шарқ-Аксилтеррор — 2024» қўшма машқлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати. Бундай тадбир Ўзбекистонда илк бор ўтди.

МДҲ аксилтеррор маркази кўмагидаги дастур ДХХ ҳарбий полигонида бўлиб ўтди. Машғулотлар давомида муҳим инфратузилма объектларида гаровга олинганларни озод қилиш ва шартли террорчиларни зарарсизлантириш сценарийларини синовдан ўтказиш доирасида махсус ва ҳарбий техникалар, жумладан, авиация ва учувчисиз учув аппаратларидан фойдаланилди.

Кузатувчилар эътиборига ноқонуний қуролланган террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш бўйича махсус ҳарбий операция элементлари ҳамда оммавий тартибизликларни бостириш ва инқирозли вазиятларни бартараф этиш чоралари ҳавола этилди.

Тадбирга ДХХ, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари, шунингдек, Бош прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари жалб қилинди.

«Машқлардан кўзланган асосий мақсад террорчилик ҳаракатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, чегара хавфсизлигига рахна солувчи террорчилик таҳдидларини зарарсизлантириш ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирларни ўтказишда МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари фаолиятини такомиллаштиришдан иборат», — дейилади хабарда.

Ўтказилган машқлар давомида шартли террорчилик гуруҳларини зарарсизлантиришга жалб этилган куч ва воситаларнинг юқори даражадаги тайёргарлиги, вазирлик ва идораларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари намойиш этилди.

Маълумот учун, ушбу аксилтеррор машқлари бу каби тадбирларнинг йигирманчиси бўлиб, Ўзбекистон уларнинг 6 тасида иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, 4−5 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг 10-халқаро илмий-амалий конференцияси ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 2-конференцияси бўлиб ўтган.