Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази тармоқларда фуқарода «Цефтриаксон-БХФЗ» дорисини қўллагач ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшовчи А.Х. ўзида 3 кун давомида иситма, ҳолсизлик кузатилгандан сўнг уй шароитида даволанмоқчи бўлган.

«У шифокор тавсиясисиз, ўзбошимчалик билан „Цефтриаксон“ ва „Лидокаин“ аралашмасини онаси ёрдамида мушак орасига қабул қилган. Орадан 10 дақиқа ўтгач, беморда бадан қақшаши, кучли ҳолсизлик, нафас сиқиши ва қон босимининг меъёридан ошиб кетиши кузатилган», дейилади хабарда.

Шундан сўнг фуқаро тез ёрдам машинасида дислокация бўйича дастлаб Эргашев номли 4-сонли шаҳар клиник шифохонаси, кейин эса ихтисослашган ёрдам кўрсатиш мақсадида Ибн Сино номли 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига олиб борилиб, стандарт бўйича даво чоралари қўлланган.

Бажарилган муолажалар натижасида беморда тошмалар, иситма, ҳолсизлик каби симптомлар бартараф этилиб, фуқаронинг аҳволи яхшилангандан кейин уйига жавоб берилган.

«Дастлабки ўрганишлар беморда кузатилган ножўя реакция мазкур дори воситасининг сифати билан боғлиқ эмаслигини кўрсатмоқда», дея таъкидлади марказ.

«Ушбу препарат қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда лаборатор текширувлар натижасида сертификатлаштирилиб, тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилган. Шунга қарамасдан, бемордан қабул қилиб олинган препаратлар айни дамда марказ лабораторияларида қайта текширувдан ўтказилмоқда», деб қўшимча қилинади хабарда.

Марказ «Цефтриаксон» препарати кенг таъсир доирасига эга бўлган антибиотиклар оиласининг учинчи авлодига мансуб экани ва у бактериал инфекцияларни даволашда қўлланишини эслатди.

«Лекин шамоллаш, грипп ва бошқа вирусли инфекциялар муолажасида таъсир кўрсатмайди. Бу препарат шифокор рецепти асосида берилади ва шифокор назорати остида қўлланади. Ундан уй шароитида ўзбошимчалик билан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас», дейилади марказ баёнотида.