6 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев яқинда Париждаги Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчилар билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Финалда дзюдочи Шерзод Намозов рақибини мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритганди. Бу ўзбекистонликнинг Паралимпия ўйинларидаги иккинчи чемпионлиги бўлди.

Енгил атлетика мусобақасида ядро улоқтириш бўйича Хусниддин Норбеков 16,82 м натижа билан биринчи ўринни эгаллади ва янги рекорд ўрнатди. У уч карра Паралимпия чемпиони унвонига эга бўлган биринчи ўзбекистонлик спортчи бўлди.

Давлат раҳбари суҳбатда уларнинг иродали курашини ҳаяжон билан кузатганини, Ватанга яна бир олтин медаль олиб келганларидан хурсанд эканини таъкидлади. Спортчиларни халқ номидан табриклади, уларнинг мураббийлари, ота-оналарига раҳмат айтди.

Чемпионлар кўрсатилаётган юқори эътибор ва доимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди.

Аввалроқ президенти Паралимпия чемпионлари Элбек Султонов, Ёрқинбек Одилов, Асадбек Тоштемиров, Асила Мирзаёрова ва Қудратиллохон Маъруфхўжаевлар билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган эди.

Бугун, 6 сентябрь куни Ўзбекистон параспортчилари мамлакат ҳисобига яна учта медални қўшиб қўйди. Сафия Бурханова ядро улоқтириш бўйича кумуш медални қўлга киритди ва Паралимпия ўйинларининг уч карра совриндори бўлди. Толиббой Йўлдашев диск улоқтиришда олтин, Темур Гиязов баландликка сакрашда бронза медалини олди.

Хабар эълон қилинган вақтида Ўзбекистон терма жамоаси 9 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза (жами 20 та медал) билан 11-ўринни эгаллаб турибди. Бу мамлакат тарихидаги энг яхши натижа ҳисобланади.