Американинг ABC телекомпанияси АҚШ президентлигига Демократик ва Республикачилар партияларидан номзодлар Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп ўртасидаги дебат қоидаларини эълон қилди.

Телеканал сайтида хабар берилишича, дебат 10 сентябрь куни Филадельфиядаги Миллий конституция марказида бўлиб ўтади. ABC бошловчилари Дэвид Мьюир ва Линси Дэвис модераторлик қилади. Давомийлик 90 дақиқани ташкил этиб, орада иккита рекламали танаффус бўлади. Залда томошабинлар бўлмайди.

Фақат модераторлар савол бериши мумкин. Рақибларнинг микрофонлари бир вақтнинг ўзида эмас, навбат билан ёқилади. Ҳар бир жавоб учун икки дақиқа вақт ажратилади.

Номзодлар дебат давомида трибуна орқасида туриши талаб қилинади ва сайловолди ташвиқоти вакиллари билан мулоқот қила олмайди.

Дебат иштирокчиларига ўзи билан қандайдир эслатма олиб келиш ҳам тақиқланади. Саҳнада уларга қалам, блокнот ва шишада сув берилади.

Ҳаррис ва Трамп очилиш баёноти билан чиқмайди, якуний баёнотлар эса ҳар бир номзод учун икки дақиқа билан чекланади.

Бўлажак дебат республикачи Трамп ҳамда президент Жо Байден пойгадан чиққач демократ номзод бўлган Ҳаррис ўртасидаги биринчиси бўлади, дея аниқлик киритмоқда Reuters.

Ҳарриснинг кампанияси дастлаб рақибларнинг микрофонларини эфир давомида очиқ сақлашни талаб қилганди, лекин бу иккала номзод ҳам бир-бирининг гапини бўлиши ва бир вақтнинг ўзида гапиришига олиб келади.