Ўзбекистон ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичининг биринчи ўйинида КХДРни 1:0 ҳисобида мағлуб этгач, мураббий Сречко Катанец ва футболчи Жалолиддин Машарипов ўйиндан кейинги фикрлари билан бўлишди. Ягона гол Жалолиддин Машарипов томонидан киритилди, дарвозабон Ўткир Юсупов эса пенальтини қайтарди.

«Бугун қийин ўтган баҳсда ғалаба қозондик. Ўз имкониятимизни тўлиқ намойиш эта олмадик, лекин муҳими ғалаба қозондик. Биринчи бўлимда кўпроқ гол киритсак бўларди, сабаби кўп вазиятлар ярата олдик. Пенальти ҳам ўз хатоларимиз ортидан юзага келди», — деди жамоа устози.

жалолиддин машарипов, кхдр, сречко катанец, футбол, шимолий корея

Унинг айтишича, «рақиб биздан кўра кўпроқ йиғин ўтказган ҳолда бу ўйинга етиб келди». «Шу сабабли улар жисмоний томондан яхши ҳаракат қила олишди».

Мураббий жамоанинг етарлича имкониятга эга бўлганини таъкидлади.

«Муаммо асосан жисмоний ҳолатда бўлди. Бизнинг асосий мақсадимиз керакли натижаларни қўлга киритиш ва бугун буни уддаладик. Олдимизда Қирғиз Республикасига қарши яна бир муҳим ўйин кутиб турибди. Гуруҳдаги бошқа рақиблари хусусида гапиришга ҳали эрта», — деди у.

Учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган Жалолиддин Машарипов ўйин ҳақида гапираркан, керакли натижа қўлга киритилганини айтди.

жалолиддин машарипов, кхдр, сречко катанец, футбол, шимолий корея

«Бу босқич биз учун ҳар доим осон бўлмаган, чунки унинг ўзига яраша босими бор. Кейинги ўйинларда чиройли ғалаба қозониб, халқимизни хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Муҳими, 3 очкони қўлга киритдик», — деди спортчи.

«Ўз ўйинимизни тўлиқ кўрсата олдик, дея олмайман. Сабаби озроқ ҳаяжон бўлди, ЖЧга яқинлашганингиз сари босим ва ҳаяжон бўлиши табиий. Бироқ шу каби муҳим ўйинлар билан Жаҳон чемпионатига йўл олинади, деб ўйлайман».

Машарипов бу босқичда кучсиз рақиб йўқлигини таъкидлади. «Психологик тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилади. Бош мураббийимиз ҳам ҳеч қайси ўйин осон бўлмаслигини уқтириб келмоқда. Кейинги ўйинларда янада ёрқинроқ ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз», — деди у.

1-турдан кейин Ўзбекистон «A» гуруҳида иккинчи ўринда бормоқда.

жалолиддин машарипов, кхдр, сречко катанец, футбол, шимолий корея

2-ўйинда жамоа 10 сентябрь куни сафарда Қирғизистон билан тўқнаш келади.