2024 йилнинг ёзи Шимолий яримшар тарихидаги энг иссиғи бўлди, деб хабар бермоқда CNN 1940 йилдан буён ҳисоб-китоблар олиб бораётган Европа иқлим хизмати Copernicus маълумотларига таяниб.

Copernicus кузатувларига кўра, июндан августгача бўлган давр 1991 йилдан 2020 йилгача бўлган ёз даврига нисбатан 0,69 даража иссиқроқ ва ўтган ёзда ўрнатилган аввалги максималдан 0,03 даража юқори бўлган.

Ўтган август, шунингдек, сайёра тарихидаги энг иссиғи бўлди. Ўртача глобал ҳарорат 16,82 даражани ташкил этди, бу саноатгача бўлган 1850−1900 йиллар августларидан 1,51 даража иссиқроқ.

Умуман олганда, 2023 йилнинг сентябридан 2024 йилнинг августигача бўлган 12 ой энг иссиқлари бўлди. «Бу рекорд ҳароратлар кетма-кетлиги 2024 йил рекорд даражадаги энг иссиқ (календар) йил бўлиши эҳтимолини оширади», — деди Copernicus директори ўринбосари Саманта Бержесс.

Ўзбекистонда ҳам бу йил ёз фасли меъёрдан иссиқроқ бўлди, аммо рекорд кўрсаткичлар кузатилмади, деб хабар берди Ўзгидромет. Ёзнинг барча уч ойи меъёрдан илиқроқ бўлди ва июнь республиканинг кўпчилик вилоятларида меъёрга нисбатан энг илиқ бўлди.

Глобал ҳароратнинг ўзгаришиyb бир қатор факторлар, жумладан, Тинч океанининг исишига олиб келган Эль-Ниньо ҳодисаси каби табиий ва қазиб олинадиган ёқилғининг ёниши — иқлим инқирозининг асосий сабаби билан боғлиқ техноген омиллар юзага келтирмоқда.