Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи ярми якунига кўра, ипотека кредитлари бўйича ўртача ойлик тўловлар ошди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида айтилади.

Ойлик тўловларнинг ўртача ҳажми 2,99 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 415 минг сўм ёки 16 фоизга кўпайган. Ипотека тўловлари Тошкент (26 фоиз), Наманган ва Фарғонада (ҳар бири 16 фоиз) сезиларли даражада ошган. Бу шаҳарларда уй-жойга бўлган умумий талаб потенциал таклифдан юқори бўлиб, нархлар фуқароларнинг даромадларига номутаносиб равишда шаклланади. «Газета.uz» МБ маълумотларига таяниб, мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида харид қобилияти ёмонлашгани маълум қилган, шунингдек, 50 квадрат метрлик квартира сотиб олиш учун қанча йиллик маош талаб қилинишини ҳисоблаб чиққанди.

Тўлови ойига 2 миллион сўмдан кам бўлган кредитлар улуши 47 фоиздан 41 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2−5 миллион сўмлик тўловлар улуши 48 фоизга (46 фоиздан), 5−7 миллион сўмники — 7 фоизга (5 фоиздан), 7 миллион сўмдан ортиқ бўлганлари — 4 фоизга (2 фоиздан) ортди.

38,2 минг нафар қарз олувчининг тўловлари ўртача номинал иш ҳақидан (5,09 миллион сўм) ортиқ, 4,4 минг нафар фуқаро эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган умумий даромаддан (10,8 миллион сўм) ортиқ тўловларни амалга оширмоқда. МБ бунга ушбу фуқароларнинг норасмий даромадлари сабаб бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

2023 йил 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган шахсларга ҳам ипотека кредитлари берила бошланганди. Уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк карталари бўйича айланмалари, ижара, коммунал ва бошқа харажатлар учун тўлаган маблағлари ҳисобга олинади.

Жорий йилнинг олти ойида жами ипотека кредитларининг 22 фоизи (1,55 триллион сўм) норасмий даромадга эга бўлган шахсларга тўғри келди. Бундай қарз олувчиларга энг кўп кредитлар Халқ банки (652,6 миллиард сўм) ва «Давр банк» (449 миллиард сўм) томонидан берилган.

Улушдор жисмоний шахсларга 208 миллиард сўм ажратилган бўлиб, уларнинг асосий қисми Orient Finans Bank (85 фоиз) ва Ўзмиллийбанк (9 фоиз) томонидан берилган.

ипотека, ипотека кредитлари, марказий банк

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда олди-сотди шартномалари сони 3 фоизга — 123,5 мингтага, ипотека кредитлари ҳажми қарийб 2 фоизга — 7 триллион сўмдан 6,88 триллион сўмга, олувчилар сони эса — 31 ,67 мингдан 26,2 минггача (-17 фоиз) қисқарган.

Шу билан бирга, ажратилган ипотека кредитларининг ўртача миқдори 221 миллион сўмдан 262,7 миллион сўмга (+18,9 фоиз), банк фоиз ставкалари ҳам 24,3 фоиздан 25,1 фоизга ошган.

Январь-июнь ойларида 100−200 миллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларининг улуши 15 фоиздан 9 фоизга, 200−300 миллион сўм учун — 31 фоизга (34 фоиздан) қисқарган. 300−400 миллион сўмлик ипотека улуши 35 фоизга (32 фоиз), 400 миллион сўмдан ортиғи — 24 фоизга (18 фоиз) ошган.

ипотека, ипотека кредитлари, марказий банк

20 йилгача муддатга ипотека кредитлари камроқ берила бошлади — 82,8 фоиз (-2,5 фоиз пункти). Банклар 10 (+1,9 фоиз пункти) ва 15 йилгача (+0,6 фоиз пункти) муддатга кўпроқ кредитлар беришни бошлади.

Ипотека кредитларининг ярмидан кўпи (53 фоиз) ҳукумат банкка марказлаштирилган тарзда ипотека кредитлари бериш учун ажратган маблағлар, 34 фоизи банкларнинг ўз маблағлари, 12 фоизи давлатга қарашли ипотека кредитларини қайта молиялаш компаниялари ҳисобига тўғри келади. Шу билан бирга, банклар ўз маблағларини кўпроқ ўналтира бошлади — 2,03 триллион сўмдан 2,37 триллион сўмгача.

Ўз маблағларидан фойдаланган ҳолда банклар ипотека кредитларини асосан 6 йилдан 10 йилгача муддатга бермоқда — бу уй-жой сотиб олиш учун берилган кредитлар умумий ҳажмининг 55 фоизини (+14 фоиз пункти), 11 йилдан 20 йилгачаси — 44 фоизини (+2 фоиз пункти), 5 йилгачаси — 2 фоизини ташкил этади.

Банклар томонидан бериладиган ипотека кредитларининг ҳажми жисмоний ва юридик шахсларнинг омонатлари ҳажмига боғлиқ. Аҳоли депозитлари ставкалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоиз пунктга ошиб, 22 фоизни ташкил этди, бу эса молия институтларини активлар ва пассивларни мувозанатлаш учун қисқа муддатли ипотека кредитларини чиқаришга ундади.

МБ бу ўзгаришларни банклар иккиламчи бозорда уй-жой сотиб олиш учун ўз маблағлари ҳисобидан кўпроқ ипотека кредитлари бераётгани билан изоҳламоқда.

Агар 2023 йилнинг биринчи ярмида ипотека кредитлари умумий олди-сотди шартномалари сонининг 25 фоизини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 21 фоизга қисқарган.