Korzinka супермаркетлар тармоғи янги ном остида энг оммабоп товарлар саватини арзон сақлашга қаратилган янги стратегиясини ишлаб чиқишда давом этишини маълум қилди. Ритейлер қўмита қарорига эътироз билдирмасликка ва энг паст нархлар стратегияси номини ўзгартиришга қарор қилди, дейилади компания баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Рақобат қўмитаси Korzinka супермаркетлари тармоғи «Кундалик харидлар учун энг паст нарх» шиоридан фойдаланилгани сабабли суд муҳокамасини бошлаган эди. Бунга жавобан тармоқ буни қоидабузарлик деб ҳисобламаслигини маълум қилди. «Биз ўзимиз учун стратегик — биринчи навбатда зарур товарларга энг арзон нархларни мунтазам асосда сақлаб туриш масъулиятини қабул қилдик», дейилади баёнотда. Бунинг учун компания «супермаркетларда ва бошқа чакана савдо нуқталаридаги нархларни мунтазам равишда кузатиб боришини» маълум қилганди.

Кейинроқ қўмита Korzinka супермаркетлар тармоғи реклама тўғрисидаги қонунни бузганликда айбли деб топилганини маълум қилди. «Korzinka, ўз навбатида, «Энг паст нархлар» дастурининг оммавий таклифи ва коммуникация материалларига тузатишлар киритди, шунингдек, жарима тўлади.

«Дастурнинг аввалги номи „Кундалик харидлар учун энг арзон нархлар“ бўлиб, у бозордаги нархларнинг доимий мониторингига асосланган эди, бу эса унинг ҳақиқийлигини тасдиқлайди. Бизнинг нарх стратегиямиз қонунчилик талабларига мос келади деб ҳисоблаймиз, лекин шу билан бирга Рақобат қўмитасининг тавсияларини қабул қилишга қарор қилдик», — дея маълум қилди ритейлер вакиллари.

Korzinka ўз эътиборини харидорларимизга энг зўр таклифларни тақдим этиш ва истеъмол тажрибасини яхшилашга йўналтиришни маъқул кўришини айтди. «Шу боис биз дастурни янада ривожлантириш ва унинг ассортиментини кенгайтиришга эътибор қаратамиз», — дея ишонтирди супермаркетлар тармоғида.

«Дастурнинг номидан кўра, у бераётган натижа муҳимроқдир. Биз унинг номини „Кундалик харидлар учун янада арзон нархлар“ деб ўзгартирамиз, аммо дастур моҳиятини ўзгартирмаймиз. Korzinka бозордаги нархларни кузатиш ва кундалик зарур товарлар саватига энг ҳамёнбоп нархларни белгилаш сиёсатини давом эттиради. Бундан ташқари, биз дастур каталогини кенгайтирдик, ҳозирда унда 300 дан ортиқ товарлар тақдим этилган. Унда ҳар бир тоифада талаб юқори бўлган бренд маҳсулотлари янада кўпайди», — дейди Korzinka супермаркетлар тармоғи бош директори Руд Педерсен.

Энг арзон нархларни таъминлаш учун мониторинг ва «Кундалик харидлар учун янада арзон нархлар» дастури Ўзбекистоннинг Korzinka мавжуд бўлган барча 12 ҳудудида ишлашда давом этади, дейилади баёнотда.