Рақобат қўмитаси «Наманган сув таъминоти» давлат харидларини амалга оширишда қонун бузгани ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, қўмитанинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан «Наманган сув таъминоти» АЖ томонидан 2023−2024 йилларда амалга оширилган давлат харидлари юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар олиб борилган.

Жумладан, Наманган вилоят прокуратурасининг топшириғига кўра, «Наманган сув таъминоти» АЖ буюртмачилигида 2023 йил давомида ҳамда 2024 йил 16 июнь кунига қадар жами 167 та лот бўйича бошланғич нархи 4,9 млрд сўмга яқин амалга оширилган давлат харидлари ўтказилган.

Ўрганишлар давомида мазкур акциядорлик жамияти томонидан юқоридаги давлат харидларини амалга оширишда «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этилмагани маълум бўлган.

Бундан ташқари, буюртмачи томонидан 36 та лот бўйича бошланғич нархи 846,1 млн сўмлик танлов савдоларида бир-бирига боғлиқ бўлган (аффилланган) жамиятлар ғолиб деб топилгани аниқланган.

Ҳудудий бошқарма томонидан давлат харидларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилганлиги юзасидан буюртмачи ташкилотга («Наманган сув таъминоти» АЖ) нисбатан тузилган маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга тақдим этилган.

Шунингдек, «Наманган сув таъминоти» мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жарима қўллаш бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли суд органига маълумотлар юборилди.