Германия канцлери Олаф Шольц 15−17 сентябрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Хебештрайт маълум қилди.

Бу Шольцнинг Марказий Осиёга илк ташрифи бўлади ва унга минтақа давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида «катта бизнес делегацияси» ҳамроҳлик қилади.

У Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан икки томонлама музокаралар ўтказади, шунингдек, 17 сентябрь куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё-Германия» (5+1) иккинчи саммитида иштирок этади.

Биринчи саммит 2023 йил сентябрь ойида Берлинда бўлиб ўтган ва унда минтақа давлатлари раҳбарлари Германия билан стратегик минтақавий шериклик ўрнатиш таклифини қўллаб-қувватлаганди. «Канцлернинг сафари ҳам ушбу минтақавий ҳамкорликка ҳаёт бағишлайди», дейилади Германия ҳукумати баёнотида.