6 сентябрь куни Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларининг 9-кунида икки нафар параатлет — Темур Гиязов ҳамда Толиббой Йўлдашев медалларни қўлга киритди.

Темур Гиязов эркаклар ўртасида Т44 классида баландликка сакраш дастурида финал баҳсида 2,03 метр натижа қайд этган ҳолда бронза медалга сазовор бўлди.

паралимпиада-2024

У 1996 йил 15 мартда туғилган. 2016 йилдан буён пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Гиязаов Ҳанчжоу-2022 Пара Осиё ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчиси. «Шуҳрат» медали соҳиби. Мураббийи Галина Казакова.

Толиббой Йўлдашев эса эркаклар ўртасида Ф37 классида диск улоқтириш бўйича финалда 57,28 метр натижа билан Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

У 31 август куни ядро улоқтириш бўйича 15,24 метр натижа қайд этиб бронза медалига эга чиққанди.

паралимпиада-2024

Йўлдашев 2003 йил 4 сентябрда туғилган. 2018 йилдан буён пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. У Ҳанчжоу-2022 Пара Осиё ўйинларида кумуш ҳамда 2023 йил Парижда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. Мураббийи — Иброҳим Юсупов.

Аввалроқ бугунги баҳсларда Ўзбекистонлик параатлет Сафия Бурханова кумуш медални қўлга киритгани хабар қилинганди.

6 сентябрь соат 16:20 ҳолатига кўра, Ўзбекистон 20 та медаль — 9 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза билан умумий медаллар рейтингида 11-ўринда бормоқда. Ўйинлар 8 сентябрь куни якунланади.

Бу билан Ўзбекистон делегацияси ёзги Паралимпия ўйинларидаги олтин медаллар сони бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

Терма жамоа 2016 ва 2020 йилги ўйинларда 8 тадан олтинни қўлга киритганди.