Telegram асосчиси Павел Дуров Парижда ҳибсга олингач, илк бор август ойи охиридаги воқеалар юзасидан баёнот берди. Аввалроқ мессенжер Дуровга қўйилган айбловларни абсурд деб атаганди.

«Қўллаб-қувватлаганингиз ва меҳрингиз учун ҳаммага раҳмат! Ўтган ойда Парижга келганимдан кейин 4 кун давомида полиция томонидан сўроқ қилиндим. Француз расмийлари Telegram`дан жавоб ололмагани сабабли бошқаларнинг ундан ноқонуний фойдаланиши учун шахсан мен жавобгар бўлишим мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди», — дея қайд этди у.

«Нотўғри ёндашув»

Унинг ёзишича, бу қуйидаги бир нечта сабабларга кўра ҳайратланарли бўлган:

  • Telegram`нинг Европа Иттифоқида ЕИ сўровларини қабул қиладиган ва жавоб берадиган расмий вакили мавжуд. Унинг электрон почта манзили Европа Иттифоқида «Ҳуқуқни муҳофаза қилиш учун Европа Иттифоқи Telegram манзили» дея қидирув берган ҳар бир киши учун очиқ.
  • «Франция расмийларида мен билан боғланиб, ёрдам сўраш учун кўплаб йўллар мавжуд эди. Франция фуқароси сифатида Дубайдаги Франция консуллигига тез-тез ташриф буюрганман. Бирмунча фурсат олдин, сўралган вақтда, мен шахсан уларга Францияда терроризм таҳдиди билан курашиш учун Telegram билан ишонч телефонини ўрнатишга ёрдам бердим».
  • Агар бирон мамлакат интернет хизматидан норози бўлса, қабул қилинган амалиёт хизматнинг ўзига қарши қонуний чора кўришдир. Бош директорни у бошқарадиган платформада учинчи шахслар томонидан содир этилган жиноятлар учун смартфондан олдинги давр қонунлари асосида айбдор деб топиш нотўғри ёндашувдир. Технологияларни яратиш ўз-ўзидан мураккаб жараён. Агар инноватор ўзи яратган воситаларнинг нотўғри ишлатилиши учун шахсан жавобгар бўлиши мумкинлигини билса, ҳеч қачон янги воситалар яратмайди.

Ҳукумат билан мулоқот

«Махфийлик ва хавфсизлик ўртасида тўғри мувозанат ўрнатиш осон эмас. Махфийлик қонунларини ҳуқуқни қўллаш талаблари ва маҳаллий қонунларни Европа Иттифоқи қонунлари билан мувофиқлаштиришингиз керак. Технологик чекловларни ҳисобга олиш керак. Платформа сифатида жараёнларингиз глобал миқёсда изчил бўлишини хоҳлайсиз, шу билан бирга, улар қонун устуворлиги заиф бўлган мамлакатларда суиистеъмол қилинмаслигини таъминлайсиз. Биз тўғри мувозанатни топиш учун регуляторлар билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик. Ҳа, биз ўз тамойилларимизга содиқ қоламиз: тажрибамиз авторитар режимларда фойдаланувчиларимизни ҳимоя қилиш миссиямиз билан шаклланади. Лекин биз доимо мулоқот учун очиқ эдик», — дейди Дуров.

«Баъзида биз махфийлик ва хавфсизлик ўртасидаги тўғри мувозанат бўйича мамлакат регулятори билан келишолмаймиз. Бундай ҳолларда биз бу мамлакатни тарк этишга тайёрмиз ва буни кўп марта қилганмиз. Россия назорат кузатувини ёқиш учун «шифрлаш калитлари»ни топширишимизни талаб қилганида, биз рад этдик ва Telegram Россияда тақиқланди. Эрон тинч намойишчиларнинг каналларини блоклашни талаб қилганида, биз рад этдик ва Эронда ҳам Telegram тақиқланди. Биз тамойилларимизга мос келмайдиган бозорларни тарк этишга тайёрмиз, чунки биз буни пул учун қилмаймиз. Биз яхшилик қилиш ва одамларнинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниятидамиз, айниқса, бу ҳуқуқлар бузилган жойларда», — дея таъкидлади тадбиркор.

«Шахсий мақсад»

Унинг сўзларига кўра, юқоридаги жиҳатлар Telegram мукаммал деган маънони англатмайди.

«Ҳатто расмийлар сўровларни қаерга юбориш бўйича чалкашиши мумкинлиги ҳам биз яхшиланишимиз керак деганидир. Аммо баъзи оммавий ахборот воситаларида Telegram қандайдир анархик жаннат экани ҳақидаги даъволар мутлақо нотўғри. Биз ҳар куни миллионлаб зарарли постлар ва каналларни йўқ қиламиз. Биз ҳар куни шаффофлик ҳисоботларини эълон қилиб борамиз (масалан, бу ёки бу). Модерация бўйича шошилинч сўровларни тезроқ кўриб чиқиш учун ННТ билан бевосита ишонч телефонлари бор».

Дуровга кўра, «бироқ бу етарли эмас, деган овозлар қулоққа чалинади».

«Telegram фойдаланувчилари сонининг бирданига 950 миллионгача кўпайиши жиноятчиларнинг платформамизни суиистеъмол қилишини осонлаштирадиган оғриқлар кучайишига олиб келди. Шунинг учун мен бу борада ишларни сезиларли даражада яхшилашимизни таъминлашни шахсий мақсад қилиб қўйдим. Биз бу жараённи аллақачон ички ҳолатда бошладик ва мен тез орада сиз билан жараёнимиз ҳақида батафсил маълумот улашаман», — деб ишонтирди у.

Мессенжер асосчиси ўз сўзларини «Умид қиламанки, август воқеалари Telegram ва умуман ижтимоий тармоқ соҳасини хавфсизроқ ва кучлироқ қилишга сабабчи бўлади. Муҳаббатингиз ва мемларингиз учун яна бир бор раҳмат», — деган сўзлар билан якунлади.

  • Павел Дуров 24 август куни Озарбайжондан шахсий самолётида учиб борганда Париж аэропортида қўлга олинган эди. 28 август куни Париж прокуратураси Telegram асосчисини олтита бандда Франция расмийлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортиш, шунингдек, болаларга оид порнографияни тарқатиш, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик ва ҳоказоларни рақамли воситалар билан таъминлашда иштирок этганликда айблади. Дуров ҳибсдан озод қилиниб, суд назоратига олинган.
  • Суд Telegram асосчисидан 5 миллион евро миқдорида гаров ундиришни буюрди ва унга Францияни тарк этишни тақиқлади. Бу тақиқ олти ой давомида амал қилиши мумкин. Дуров 5 миллион евро гаров пулини бўлиб-бўлиб тўлаши керак бўлади (1 миллион евро дарҳол тўланади ва саккиз ой давомида ҳар ой 500 минг евродан).