2023 йил июль ойида Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида қурилаётган автомобиль йўли сабаб 70 мингга яқин дарахт кесилиши мумкин бўлган лойиҳага Экология вазирлиги қарори билан рад жавоби берилганди. Ҳокимликларга юборилган жавоблардан сўнг Бухородаги қурилиш компанияси вакиллари лойиҳани ўзгартиришларини билдирганди.

Журналист Илёс Сафаровнинг хавотир билдиришича, «бу лойиҳа барибир давом этадиган кўринади». У обуначиларидан бири юборган суратларга таяниб Денов туманининг Чим маҳалласидан бошланиб Олтинсой туманининг Шакарқамиш маҳалласигача бўлган йўлдаги барча дарахтларга қизил рангда махсус белгилар чизиб чиқилганини маълум қилди.

«Бу катта эҳтимол билан кесилишга тушадиган дарахтлар. Чунки икки туман орасидаги катта ҳудудда ўсаётган дарахтларга шунчаки бир хил белги қўйиб чиқилиши мумкин эмас. Бу — мантиқсизлик», — дея тахмин қилди у.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмонийнинг маълум қилишича, лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда.

2024 йилнинг 2 июль куни Автомобиль йўллари қўмитасидан Экология вазирлигига хат йўлланган ва унда Сурхондарё вилоятида 4R105 Дарбанд-Бойсун-Элбаён ва 4R100 Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов автомобиль йўлларининг баъзи қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилаётган 9405 туп дарахтни кўчириб ўтказишга доир тегишли кўрсатма сўралган.

Вазирлик бунга жавобан президентнинг 2021 йилдаги 46-сон фармонига мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий амал қилинишини эслатган ва экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш белгиланганидан огоҳлантирган.

Лола Раҳмонийга кўра, ҳудуддаги дарахтларнинг кўп йиллик ёши ва ҳажмидан ҳамда уларнинг ҳозирда тиним (вегетация) даврида эканидан келиб чиқиб, Экология вазирлиги дарахтларни кўчиришга рад жавобини берган. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда дарахтлардан холи ҳудудни танлаш ва бу борада лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритиш тавсия қилинган.

«Шундай бўлса-да, мазкур лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда, зеро Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ушбу йўналишдаги йўл инфратузилмаси такомиллаштирувга муҳтожлиги қайд этилмоқда», — дея аниқлик киритди у.

Унинг қайд этишича, кучли ёмғир ва сел оқибатида йўл ва кўприклар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Автомобиллар сонининг кундан кунга ошиши эса йўлларда тирбандликларни юзага келтирмоқда. Оқибатда автомобилларнинг харакатланишида қийинчиликлар юзага келиб, автоҳалокат ҳодисалари купаймоқда.

Жумладан, 2022−2024 йиллар мобайнида бу ерда 54 та ЙТҲ содир бўлган, уларда 19 нафар фуқаро вафот этган, 31 нафар фуқаро турли жароҳат олган.

Вазирлик вакили айни дамда лойиҳа доирасидаги ҳудудда мавжуд дарахтлар ҳолати, сони, тури, ўлчами ва қийматини аниқлаш бўйича Сурхондарё вилояти экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Контекст

2023 йил июлида Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида автомобиль йўллари қурилиши сабабли умумий ҳисобда 70 мингга яқин дарахт илдизи билан кесилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар эълон қилинганди. Унга кўра, Бухорода 23 минг, Сурхондарё вилоятида эса 45 мингдан ортиқ дарахтни йўқ қилиш бўйича режа мавжуд ва лойиҳа аллақачон ҳукуматга топширилган. Ишлар августдан тезлаштирилган тартибда бошланиши кутилаётганди.

Шу йил 27 июль куни экология вазирининг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов ушбу дарахтларни асраш чоралари кўрилишини маълум қилганди.

«Лойиҳадан хабаримиз бор, бу бўйича вазирлик ўз муносабатини билдирган. Бу ҳали лойиҳа жараёнида. Лойиҳа ҳужжатлари вазирлик [билан] келишилмаган ҳам. Йўл бўйида кесилиши мумкин бўлган дарахтларни асраб қолиш бўйича биз тегишли органларга қўшимча равишда хатлар билан мурожаат қилдик», — деганди у.

Экология вазирлиги ўшанда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев томонидан имзоланган ҳукумат комиссияси баённомасига мувофиқ, вазирликка бир ҳафта муддатда дарахтларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўчириш бўйича ҳукумат комиссиясига хулоса бериш ва тегишли таклифлар киритиш топшириғи берилганини билдирганди.

«Вазирлик ушбу мурожаатларга жавобан, ўсимлик дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилиши, республикамиз бўйлаб кузатилаётган чанг-тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда ушбу дарахт ва буталарнинг ўрни муҳим эканлигини эслатган ҳолда рад жавобини берган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Ўшанда таъкидланишича, ҳокимликларга юборилган расмий жавоблардан сўнг Бухоро вилоятидан қурилиш компанияси вакиллари вазирликка ташриф буюриб, дарахт ва буталарга зарар етказмаган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритишлари ҳақида маълумот берган.

»дарахт

Ушбу ҳудудларда кесилиши мумкин бўлган 70 мингга яқин дарахтни сақлаб қолиш мақсадида ижтимоий тармоқларда #DaraxtlarniAsraylik, #NafasOlolmayapman ҳэштеглари остида норозилик акцияси ўтказилганди.