Ўзбекистон делегацияси аъзоси Учқун Қуронбоев Париж Паралимпиадасида парадзюдо бўйича бронза медалини қўлга киритди.
Эркаклар ўртасида J2 классида (кўзи қисман кўрадиган спортчилар беллашади) -73 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган ўзбекистонлик спортчи чоракфиналда франциялик Натан Петитни 10:0 ҳисобида мағлубиятга учратганди. Бироқ яримфиналда грузиялик рақиби Жиоржи Калданига худди шундай ҳисобда ютқазиб қўйди.
У бронза медали учун беллашувда жанубия кореялик Ким Донгунга қарши татамига чиқди ва ғалабага эришиб (1:0), учинчи ўринни эгаллади.
У Токио-2020 Паралимпия ўйинларида -66 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритганди. Бугунги ютуқ унинг ўйинлардаги иккинчи медали бўлди.
Бу орқали Ўзбекистоннинг турнирдаги медаллар жамланмаси 22 тага етди: 9 та олтин, 7 та кумуш, 6 та бронза. Хабар эълон қилинган вақтда делегация онлайн медаллар жадвалида 12-ўринда бормоқда.