Ўзбекистон делегацияси аъзоси Хусниддин Норбеков пара енгил атлетика бўйича Париж Паралимпиадаси олтин медалини қўлга киритди. У учта Паралимпия ўйинларида ғолиб бўлган илк ўзбекистонлик спортчи бўлди.

6 августга ўтар кечаси пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида F35 классида (ҳаракати ва оёқларнинг мувофиқлашувида ўрта даражада нуқсони бор спортчилар иштирок этади) ядро улоқтириш мусобақаси якунланди. Хусниддин Норбеков иккинчи уринишда 16,82 метр натижа қайд этиб, Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади.

Бундан аввалги рекорд 2008 йил Пекинда бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларида хитойлик Гуо Вей томонидан ўрнатилган эди. Ўшанда хитойлик спортчи 16.22 метр натижа қайд этган.

Мусобақада кумуш медални аргентиналик Ҳернан Урра (16,11 м), бронза медалини эса эронлик Саид Алиасгар Жаванмарди (15,84) қўлга киритди.

Маълумот учун, Хусниддин Норбеков бундан аввал Рио-2016 ва Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган. Унда, шунингдек, битта «бронза» ҳам бор.

Бу орқали Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 17 тага (8 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза) етди. Хабар эълон қилинган вақтда делегация медаллар жадвалида 12-ўринда жойлашган.

пара енгил атлетика, паралимпиада-2024, хусниддин норбеков