Омбудсман тавсиясига кўра, Бухородаги тергов ҳибсхонасида маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналари ташкил этилди, деб хабар бермоқда Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизмати.

Хабарда Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасига биноан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи берилгани қайд этилди.

Амалдаги тартибга кўра, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар йил давомида яқин қариндошлари билан 6 марта қисқа ва 6 марта узоқ муддатли учрашувлардан фойдаланишлари мумкин.

«Баъзи маҳкумлар жазо муддатларини хўжалик ишларига жалб қилинган ҳолда тергов ҳибсхоналарида ўташади. Лекин барча тергов ҳибсхоналарида ҳам узоқ муддатли учрашувлар учун зарур шароитлар яратилмаган», дейилади хабарда.

инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, омбудсман, тергов ҳибсхонаси, узоқ муддатли учрашув хоналари

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова томонидан Бухоро шаҳридаги 4-сонли тергов ҳибсхонасига ўтказилган мониторинг ташрифида айнан шу ҳолат аниқланган. Шундан сўнг маҳкумлар учун узоқ муддатли учрашув хоналарини ташкил этиш бўйича омбудсман тавсиялари тайёрланиб, тегишли идораларга киритилган.

Куни кеча узоқ муддатли учрашув учун қурилган янги бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди.