Тошкент шаҳри ИИББ тармоқларда «Pepsi Music Fest 2024» мусиқа фестивалига келган фуқаролар жамоат тартибини бузаётгани акс этган видео тарқалгач, ҳолат юзасидан маълумот берди.

6 сентябрь куни Юнусобод туманида мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилган. Тадбир соат 18:00 дан 22:20 га қадар бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, йиғилганлар орасида бир неча фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан, майда безорилик содир этган.

«ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаган шахснинг ота-онасига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик)га кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда», — дейилади бош бошқарма хабарида.

Шунингдек, текширувлар давомида фуқаролар тан жароҳати олгани ҳақида хабар келиб тушмаган.

Маълумот учун, мусиқа фестивали 6, 7 ва 8 сентябрь кунлари Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона ҳамда Hyatt меҳмонхонасига туташ майдонда бўлиб ўтади.

Аввалроқ мазкур тадбирлар ўтказилиши сабабли бир қатор кўчалар машиналар учун ёпилиши ҳақида ёзгандик.