Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида судья Сардор Содиқов раислигида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва 49 нафар судланувчи иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. 6 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда ОАВ вакилларига суд жараёнидан фото, видео олиш ва аудиоматериаллар ёзиб олиш тақиқи қўйилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов хабар бермоқда.

Соат 15:00 да бошланиши айтилган суд мажлисига судья соат 15:30 ларда кириб келди. Шундан сўнг салкам 30 дақиқа давомида журналистларнинг судни ёритиш ёки ёритмаслик масаласи муҳокама қилинди. Жараёнда «Газета.uz», Kun.uz, Qalampir.uz, Kursiv.uz интернет нашрлари ҳамда Sevimli телеканалининг Zamon информацион дастури журналистлари қатнашди.

Дастлаб 6 нафар (4 эркак, 2 аёл) адвокат биринма-кетин сўзга чиқди. Улар ОАВ вакиллари жараённи фақат тингловчи сифатида ёритиши, аммо видео ва фотога олмаслигини, аудио тарзида ҳам ёзмаслигини сўраб, судьяга илтимос киритди. Айрим адвокатлар журналистларга ОАВ ҳамда судлар фаолиятига оид кодекс ва қонунлардаги баъзи моддаларни эслатиб, уларни «ҳуқуқий билимсизлик», «бўрттирма ахборотларга ўчлик», «ёлғон маълумот тарқатувчилик»да айблади. Шунингдек, судланувчилар орасида Ўзбекистондаги таниқли тадбиркорлар, фермерлар, кластер раҳбарлари борлиги, уларнинг шахси ва фикрлари оммага эълон қилинмаслиги кераклиги ҳам қайд этилди.

Мухбиримизнинг айтишича, адвокатларнинг айримлари фикр билдираётган вақтда судья Сардор Содиқов телефон ўйнаб ўтирган. Мухбир бу ҳолатни суратга олмоқчи бўлганида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари унга қаршилик кўрсатиб, судья рухсатисиз суд залида суратга олиш мумкин эмаслигини айтган.

Бундан ташқари, икки нафар судланувчи ҳам микрофон қаршисида туриб, журналистларнинг суд жараёнида фото, видео ва аудио олишини чеклаш кераклигини айтди, аксарият судланувчилар уларнинг фикрини қўллаб-қувватлади. Аммо собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов бу борада ҳеч қандай фикр айтмаган. Давлат айбловчиси эса адвокатларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаб, ОАВ вакилларининг фото, видео ва аудиоматериал тайёрлашига қаршилигини билдирди.

«Судья 5 сентябрь куни мазкур ишга оид суд жараёнини ёритган журналистлар ҳақида гапираркан, ўртага савол ташлади. Бироқ ОАВ вакилларига жавоб қайтаришга имкон берилмади. Маслаҳатхонага кирган судья адвокатлар илтимосномасини қисман қаноатлантирганини қайд этиб, суд мажлисида журналистларнинг фото, видео ва аудиоматериаллар олишини тақиқлади. Судья журналистлар суд мажлисида иштирок этиб, маълумотларни қўлёзма тарзида ёзиб олиши ва шу тарзда ёритиши мумкинлигини айтди. Бироқ ОАВ вакиллари бу тўсиқдан сўнг суд залидан чиқиб кетдик», — деди Миролим Исажонов.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

«Президентнинг 2021 йил 16 июндаги 6247-сонли фармонига мувофиқ, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар, шунингдек, интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши лозимлиги белгиланган», — деб эслатди агентлик.

Ташкилот шундан келиб чиқиб, «мазкур суд мажлиси юқоридаги фармон талаблари асосида жамоатчилик учун очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқ» эканини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 5 сенятбрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида адвокатлар журналистлар «хорижликлар агенти» бўлиши мумкинлигини айтиб, уларнинг суд ишига аралашувига қарши чиққанди.

Мазкур иш доирасида жами 50 нафар шахс айбланмоқда, улардан 29 нафари қамоққа олинган, қолган 21 нафарига нисбатан гаров ва муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат тарзида эҳтиёт чораси қўлланган.