7 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Париждаги Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этган спортчилар билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Париж Паралимпиадасида қатнашаётган Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сонини 10 тага етказиб, тарихдаги энг яхши натижасини янгилади. Президент ўз ғалабалари билан ушбу натижага ҳисса қўшган енгил атлетикачилар — Нурхон Қурбонова ва Толиббой Йўлдошев билан телефон орқали суҳбатлашди ва уларни дилдан табриклади.

Нурхон Қурбонова найза улоқтириш дастурида қатнашиб, 21.12 метр натижа қайд этди ва олтин медаль олганди. Спортчи бу билан ўзи ўрнатган жаҳон рекордини янгилади. Бир неча кун олдин Қурбонова ядро улоқтириш баҳсларида бронза медалига сазовор бўлганди.

«Тинимсиз кузатиб бораман фаолиятингни. Олимпия шаҳарчамизда қурилишни бошлаганимизда „Паралимпиададан олтин билан келаман“, деган ёқимли сўзларинг эсимда. Бу нимадан далолат? Тинимсиз ҳаракат, иродали интилишларинг билан тобора ўсиб бораяпсан. Берган ваъдангни ортиғи билан бажардинг», — деди давлат раҳбари Қурбоновани табриклаб.

Толиббой Йўлдашев эса диск улоқтириш бўйича олтинга эга бўлган. Йўлдашев аввалроқ ядро улоқтириш бўйича бронза медалига ҳам эга чиққанди.

«Бир неча кун олдин ядро улоқтириш бўйича бронза медалини олган эдинг. Икки спорт тури бўйича иккита юксак натижа — бу чинакам жасорат. Бу ютуқлар машаққатли меҳнатларинг, тинимсиз машқларинг, тўплаган бой маҳоратинг мевасидир», — деди президент Толиббой Йўлдошев билан суҳбатда.

Чемпион паралимпиячилар бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлмагани, давлатимиз раҳбарининг паралимпия ҳаракатига қаратаётган эътибори ва ишончи туфайли эришилаётганини таъкидлаб, ўз номидан, мураббийлари ва ота-онаси номидан миннатдорлик билдирди, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 8 сентябрь соат 09:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон 10 та олтин, 9 та кумуш ва 7 та бронза медали билан жадвалда 13-ўринда бормоқда.