9−13 сентябрь кунлари «Юксалиш» ҳаракати ҳудудий қон қуйиш марказлари билан биргаликда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қон топшириш акциясини ўтказади.

«Мақсад мураккаб операциялардан сўнг, оғир жароҳатлар ёки саратон касаллигига чалинган ва қон қуйишга жуда муҳтож бўлган беморларни қўллаб-қувватлашдир. Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш касалхоналар ва тиббиёт марказларида қоннинг етарли даражада таъминланишига ёрдам беради. Бу айниқса, фавқулодда вазиятлар ва режалаштирилган операциялар учун муҳимдир», — дейилади ҳаракат хабарида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, аҳолининг қон таркибий қисмларига бўлган эҳтиёжига жавоб бериш учун донорлик сони 1000 аҳолига камида 10 та ёки умумий аҳолининг 1 фоизини ташкил қилиши керак.

«Республика қон қуйиш марказининг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2023 йилда бу кўрсаткич ҳар 1000 нафар аҳолига 7,8 донорлик тўғри келган. Бу 0,78 фоизни ташкил этади. Рақамлар мамлакатда хайрия даражаси етарли эмаслигини кўрсатмоқда», — дея қайд этди «Юксалиш».

Акцияда 18 ёшдан ошган ва тиббий қарши кўрсатмаларга эга бўлмаган ҳар бир киши иштирок этиши мумкин.

Тошкент, Навоий ва Хоразм вилоятлари аҳолиси биринчи бўлиб қон топширади. Бу ерда барча вилоятлардаги қон топшириш манзиллари ва телефон рақамлари билан танишиш мумкин.