Қирғизистон «Толибон»ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ушбу қарор минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мулоқотни давом эттиришга қаратилган.

«Мамлакатнинг ваколатли давлат органлари томонидан синчиклаб кўриб чиқилиб, ҳар томонлама баҳоланганидан сўнг «Толибон»ни Қирғизистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилинганини тасдиқлайди», — дейилади баёнотда.

Вазирлик мамлакат халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда ва бутун минтақада барқарор ва тинч муҳитни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш тарафдорилигини билдирди.

Аввалроқ қирғиз нашрлари Қирғизистон Бош прокуратураси эълон қилган тақиқланган террористик-экстремистик ташкилотлар рўйхатида «Толибон» йўқлигига эътибор қаратганди. У 2006 йил 15 сентябрда Бишкек суди қарори билан террорчи ташкилот деб тан олинган.

2024 йилнинг март ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат «замонавий Афғонистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ва бу режим узоқ муддатли омил эканини англаган ҳолда» «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқарганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати 2021 йил августида АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан сўнг Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатган эди.

Ўшанда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу воқеани қуйидагича изоҳлаган: «Булар [толиблар — таҳр] билан бугун ё кеча эмас, икки йил олдин — ҳали ҳеч қайси давлатлар улар билан гаплашмаганда (мулоқотни бошлагандик)».

«Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар мулоқотга киришишга тайёрман», — дея қўшимча қилганди давлат раҳбари.