Самарқанд вилоятида «Жигули» ва Spark автомашиналари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Қайд этилишича, ҳолат Самарқанд туманининг Қўштамғали маҳалласидан ўтувчи M39 автомобиль йўлида содир бўлган. «ВАЗ2107» автомобили ҳайдовчиси йўлда қайрилиш мумкин бўлмаган жойдан қайрилмоқчи бўлган.

Шу пайтда Spark автомашинасининг йўлига чиқиб кетган ва у билан урилган. Оқибатда «Жигули» ҳайдовчисининг 2010 йилда туғилган қизи тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Бироқ ўша ерда вафот этган.

«Қарама-қарши йўлда, йўл белгисига эътибор бермасдан бурилиб, хатоликка йўл қўйдим. Ишимдан пушаймонман, бошқа қайтармайман», — деди бола отаси.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ўша маҳаллада йиғилиш ўтказилди, дейилади хабарда.