Бош вазир Абдулла Арипов душанба куни Тошкент аэропортида тантанали кутиб олинган Паралимпия ўйинлари совриндорлари ва ғолибларини табриклади.

У ўз нутқи аввалида Токио-2020 ва Париж-2024 Олимпиада ўртасида вақт камроқ бўлганини, чунки Япония пойтахтида Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари бир йилдан кейин, яъни 2021 йилда коронавирус пандемияси туфайли ўтказилганини таъкидлади.

«Шунга қарамасдан, муҳтарам президентимиз икки баробар қаттиқроқ ва кўпроқ ёрдам, имконият ва шароит қилиб берганлари натижасида ҳурматли спортчиларимиз, азиз ватандошларимиз жуда ҳам кутилмаган, орзу қилиб бўлмайдиган муваффақиятларга эришди. Очиғини айтадиган бўлсак, Олимпиадада 13-ўрин, Паралимпиадада 13-ўрин! Балки кимларгадир 13-рақам ёқмас, лекин Ўзбекистонга жуда ҳам ёқяпти», — деди ҳукумат раҳбари.

Бош вазир олимпиячилар ва паралимпиячиларга «президентнинг меҳри ва эътибори»ни яна бир бор таъкидлаб, ўйинларнинг ҳар бир ғолиби билан давлат раҳбари шахсан ўзи телефон қилиб гаплашиб, уларни руҳлантирганини эслади.

Абдулла Ариповнинг айтишича, давлат раҳбари томонидан паралимпиячилар учун ажратилган пул мукофотлари, автомашиналар, хонадон ва коттежлар уларни Лос-Анжелесдаги навбатдаги Паралимпия ўйинларида янада юқори натижаларга эришишга ундайди.

Президент ҳузуридаги Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги бундан буён ҳам паралимпиячи спортчиларга барча зарур ёрдамларни кўрсатишда давом этади.

«Ватанингиз сизни қўллаб-қувватлаётганини ҳис қилишингиз учун ҳурматли президентимиз [Парижга] алоҳида мухлислар гуруҳини юборди», — деди у.

Бу галги Паралимпиада ҳам худди Олимпиада сингари Ўзбекистон учун тарихдаги энг муваффақиятлиси бўлди — республика 168 давлат орасида 13-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик спортчилар 26 та медални қўлга киритди, шундан 10 таси олтин, 9 таси кумуш ва 7 таси бронза.

Президент қарорига кўра (ПҚ-5160), олтин медални қўлга киритган спортчилар учун мукофот пуллари мос равишда 200 минг доллар, «кумуш» ва «бронза» учун 100 минг ва 50 минг доллар этиб белгиланган. Уларга пул мукофотларидан ташқари «президент совғаси» сифатида автомобиллар ва уй-жойлар берилади. Бу харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.