«Ўзатом» Атом энергияси агентлигининг Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» АЖ («АСЭ» АЖ, «Росатом»нинг муҳандислик бўлими) Ўзбекистонда қурилажак кам қувватли атом электр станцияси (КҚАЭС) қурилиш майдончасида ишларни бошлаш тўғрисида баённома имзолади. Бу ҳақда «Ўзатом» агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Ўзбекистон Атом энергияси агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори ўринбосари — Халқаро фаолият блоки директори Николай Спасский иштирокида имзоланди.

«Бугунги имзоланган ҳужжат Ўзбекистонда биринчи кам қувватли АЭС қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича фаол ишларни бошлашга қадам ташлаганимиз далолатидир, бу эса яқин келажакда қурилиш майдончасида тўғридан-тўғри ишларни бошлаш имконини беради», — деди Отабек Аманов.

«Бугун имзоланган баённома томонларнинг норматив ва молиявий мажбуриятлари нуқтаи назаридан устувор шартларнинг бажарилишини белгилаб беради. «Росатом»нинг муҳандислик бўлими КҚАЭСни жойлаштириш учун лицензия олиш ва қурилиш майдончасида қидирув ишларини олиб бориш бўйича фаол босқичга ўтишни бошлайди», — дея маълум қилди АСЭ ОАЖ Марказий Осиёда атом электр станцияларини қуриш лойиҳалари директори Павел Безруков.

АЭС лойиҳаси бўйича дастлабки ишлар июнь ойида бошланган, унда бўлажак атом электр станцияси қад ростлайдиган майдонда биринчи қурилиш штаби жойлаштирилиб, режалаштирилган муддатда ишларни бошлаш имконини берадиган устувор вазифалар белгилаб олинган. Август ойининг охирида атом электр станцияси қурувчилари учун вахта шаҳарчасини яратиш ишлари бошланди.

Бу атом электр станцияси фаолият юритаётган ҳудудни анъанавий комплекс ривожлантириш йўлидаги биринчи қадамдир — ҳудудда маданий-маърифий лойиҳалар, тиббиёт ташкилотлари пайдо бўлади, аҳоли яшаш пунктлари одамларни яшашга, саноат корхоналари ва тижорат ташкилотларини эса меҳнатга жалб қилиши кутилмоқда, дея таъкидламоқда «Ўзатом» агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, АЭС қурилиши бўйича шартнома Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида 27 май куни АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстроэкспорт» компанияси ўртасида тузилган. Унда Жиззах вилоятидаги Тузкон кўлида Россия лойиҳаси бўйича умумий қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт 6 та реактор) бўлган атом электр станцияси қурилиши кўзда тутилган.

Бош пудратчи «Атомстроэкспорт» АЖ бўлиб, қурилишга маҳаллий компаниялар ҳам жалб этилади.

Ўзбекистонда қурилажак кам қувватли атом электр станцияси лойиҳаси Россиянинг энг сўнгги ишланмаси — РИТМ-200Н номли сув билан совитиладиган ядро реакторига асосланган бўлиб, у кемаларда фойдаланиш учун мўлжалланган технологияни қуруқликда фойдаланишга мослаштириш натижасида кашф этилган. КҚАЭС бир қатор афзалликларга эга. Аввало, у ихчамлиги, интеграл схемаси ва йирик атом электр станцияларига нисбатан қурилиш муддати қисқа бўлиши билан ажралиб туради, дейилади хабарда.