9 сентябрь куни Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатарнинг «Таълим ҳар нарсадан устун» (Education above all) фонди ўртасида афғон аёлларини Ўзбекистонда ўқитишни назарда тутувчи меморандум имзоланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлини Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишлари бўйича ўқитиши режалаштирилган. Ўқув дастурлари ўзбек тиббиёт мутахассислари томонидан олиб борилади.

Лойиҳага доир харажатларнинг катта қисмини Қатар томони қоплайди. Хусусан, фонд афғон аёлларини ўқитиш, турар жой билан таъминлаш ва бошқа зарур харажатлар учун 2,2 млн доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратади.

«Дастур аёлларнинг касбий кўникмаларини оширишга хизмат қилиш билан бирга, уларнинг ўз ватанидаги тиббиёт соҳасига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга ҳам катта таъсир кўрсатади. Меморандумнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро таълим ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур келишув нафақат Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки Афғонистондаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва келажакда ўзига ишонадиган тиббиёт мутахассислари етишиб чиқишига имкон яратади.

Учрашувда иштирок этган президент ёрдамчиси Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, Ўзбекистон қизлар таълим сифатига катта эътибор қаратмоқда ва «бу борада юрт сарҳадлари билан чекланиб қолаётгани йўқ».

2018 йили Термиз шаҳрида очилган касб-ҳунар таълими марказида ҳозирга қадар 700 нафарга яқин Афғонистон фуқароси таҳсил олган бўлса, улардан 200 нафари хотин-қизлар ҳисобланади.

«Биз гуманитар инқирознинг олдини олиш йўлида афғонистонлик қизлар ва аёлларни зарурий касбларга ўқитиш ишларини давом эттиришга тайёрмиз. Қатар ҳукумати ва Education above all жамғармаси бўлса бу борада бизга ёрдам беришга шай», — деди Саида Мирзиёева.

Унинг қўшимча қилишича, мавжуд вазиятда бу вазифани уддалаш барча томонлар учун осон бўлмайди. «Лекин биз бу йўлда бор куч-қувватимизни ишга солишга тайёрмиз. Хотин-қизлар учун энг яхши ҳимоя — таълим олиш имкониятидан эмин-эркин фойдаланишдир», — дея хулоса қилди президент ёрдамчиси.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрида Афғонистон муваққат ҳукуматининг Олий таълим вазирлиги талаба қизларнинг университет ўқиш жараёнларида иштирок этишини тўхтатиб қўйиш ҳақида буйруқ берганди. Вазир вазифасини бажарувчи Неда Муҳаммад Надим мазкур қарорга муносабат билдираркан, аёлларнинг ОТМга эркак ҳамроҳсиз келгани, ҳижоб масаласи, аралаш дарс ўтилгани ва «исломга зид» факультетда ўқигани учун уларга тақиқ қўйилганини айтган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда қизларнинг ОТМларда ўқиши тақиқланганидан хавотирда эканини маълум қилиб, ушбу қарор қайта кўриб чиқилишига умид билдирган. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қарорни қоралаб, буни «Толибон» томонидан берилган «бузилган ваъда» ва «жуда хавотирли ҳаракат» деб атаган.