1 сентябрь куни Сурхондарёнинг Бойсун тумани «Кўлқамиш» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конига қарашли 604-сон қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши бошланган эди.

2 сентябрга ўтар кечаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қудуқ яқинидаги аҳоли эвакуация қилингани, вазият тўлиқ назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқлиги ҳақида баёнот берди. Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан воқеа жойига бир гуруҳ масъуллар, хусусан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов етиб борди.

Шундан бери расмийлар томонидан кон ва қудуқдаги вазият бўйича бирор ахборот берилгани йўқ. Аҳолининг маълум қилишича, олтингугурт гази чиқиши ҳамон давом этмоқда; интернетдаги бойсунликлар фаол бўлган гуруҳларда қудуқ оғзидан газ чиқиши давом этаётганини тасдиқловчи видеохабарлар қолдирилган. «Газета.uz» мухбирлари билан суҳбатлашган бир қатор бойсунликлар ўзи ва яқинларининг саломатлигидан хавотирда эканини таъкидларкан, тумандаги вазият борасида расмий ва аниқ ахборот берилишини сўраб қолди.

Маълумотларга кўра, бойсунликлардан воқеа ҳақида интернетда маълумот, фото ва видеолар тарқатмаслик сўралган. Шу боис, тумандаги вазият ҳақида маълумот берган ва ўз фикри билан бўлишган бойсунликларга зарар етмаслиги учун, «Газета.uz» респондентларнинг шахсини яширди.

Интервьюлар 9−10 сентябрь кунлари олинган.

«Бойсун шаҳридаги боғча ва мактабларни ёпиш керак»

Таълим соҳаси вакили

Бойсун туманида яшайман. Шаҳарга ҳам, туманнинг бошқа жойларига ҳам газнинг ҳиди келяпти. Мана, ҳозир ҳам ишдан уйга келдик, эшик-деразаларни ёпиб, ташқарига чиқмай ўтирибмиз.

«Кофрун қишлоғида яшайдиганлар эвакуация қилинди», деган хабарлар чиқди, лекин уларга бошпана берилмаган. Уйидан чиқариб юборилган аҳоли қариндошларининг уйида, у эшикдан бу эшикка бориб жон сақлаяпти. Жой тополмаганлари жуда аянчли аҳволда, кўчама-кўча юришга мажбур бўляпти. Ора-сира мол-ҳолидан хабар олгани бориб келади, лекин уйига қўйилмаяпти. Ҳамма тарқоқ, ҳеч ким ёрдам бермаяпти, одам арз-додини кимга айтишни ҳам билмайди.

Фото: X / @shokirjonovФото: X / @shokirjonov

Работ шаҳарчаси Кофрунга жуда яқин. У ерда аҳоли эвакуация қилинмаган, қийин аҳволда. Ҳар куни газдан заҳарланган одамларни «тез ёрдам» машинаси олиб кетади. Инкобод, Омонхона, яна бир қишлоқ аҳолиси эвакуация қилинган. У ерлардаги мактаб-боғчаларни ҳам ёпишган. Лекин Бойсун шаҳрига ҳеч ким эътибор бермаяпти. Болалар тамоман сўлиб боряпти. Ишлайдиган ота-оналар иложи йўқлигидан боласини боғчага, мактабга жўнатяпти.

Айниқса, «обед» вақти боғчанинг ухлаш хонасига ҳам, ўйин ўйнаш хонасига ҳам кириб бўлмайди. Деразалар ёпилади, вентиляторлар ёқилади, болалар қуса бошлайди. Ишчилар ҳам ниқоб тақиб, боши гаранг юрибди. Қолаверса, ниқоб тақса, аҳвол баттар ёмонлашяпти; дўхтирларнинг айтишича, тиббий ниқоб газдан сақламас экан, аксинча, унда газ йиғилиб қолармиш.

Ҳеч қаердан амалий ёрдам берилмаяпти. Мактаб, боғчаларни ёпиш кераклиги ҳақида маҳаллага телефон қилиб ҳам айтдим, кеча бир-иккита раҳбарлар билан гаплашсам, «Бу бўйича бизга ҳеч қандай топшириқ бўлмаган, қандай қилиб ёпамиз?», дейди. Бу кетишда ҳамманинг ўпкаси тамом бўлади-ку.

Ўзи Сурхондарёнинг бошқа жойларида қизларим яшайди. Биз ўша ерларга бориб яшашимиз ҳам мумкин. Лекин ишни ҳам ташлаб кетолмаймиз.

Ҳамкасбларим кўриб қолган экан — кеча «Тоза ҳудуд» корхонасининг бир автобус аёлларини замбилларга солиб, шифохонага олиб боришибди. Улар эрталаб Кофрун қишлоғини тозалашга олиб борилган экан, кун давомида газдан заҳарланиб, йиқилиб қолган. Ҳамма врачлар ўша ерда, Термиздан ҳам шифокорлар келган.

Заҳарланганларни кислород аппаратига улаш керак, устига-устак свет ҳам ўчиб қолаверади. Тунов куни бир танишим мазаси қочиб, йиқилиб қолди. Тез ёрдамга олиб борсак, кислород қўйиш учун свет йўқ экан.

Раҳбарлар Бойсуннинг халқи тўғрисида қизиқмаяпти. Майли, биз ёшимизни яшаганмиз, лекин болалар-чи? Бошқа жойларни ёпмаса ҳам, боғча билан мактабни ёпиш керак. Болаларни ҳимоя қилиши керак-да. Эшик-дерзаларини ёпганимиз билан барибир у ҳиддан ҳимояланиб қолмаймиз. Газ бутун Бойсунга тарқалмоқда.


«Ҳеч бўлмаса болалар ва ҳомиладорлар учун ёрдам чоралари кўрилиши керак»

Ўқитувчи

Марказда яшайман. Вазият яхши эмас. Бадбўй ҳид соатлаб кетмаяпти, нафас олишга қийналяпмиз, томоғимизда тинимсиз ачишиш бор. Ҳаво етишмаганидан одамлар ҳушидан кетиб қоляпти. Қудуқни ёпиш учун Хитойдан мутахассислар чақиришибди, лекин ҳозирча ёпишолмаган эмиш.

Онамнинг мазалари йўқ, бош оғриғи билан қусиб ётибдилар. Мактабларда ўқувчилар ҳам нафас олишга қийналяпти. Бугун ҳам бир неча ўқувчининг мазаси қочди, уйдагилари келиб олиб кетди. Давлатимиздан ҳеч бўлмаса болалар ва ҳомиладорлар учун алоҳида чоралар кўрилишини сўраган бўлардим.


«Ҳар куни тез ёрдам машиналари газ чиққан ҳудудга қараб кетяпти»

Кофрундан 20 дақиқалик масофада яшовчи аёл

Газ ҳиди кунига уч-тўрт марта чиқади, жуда ўткир, чидаб бўлмаяпти. Ҳидидан бошоғриқ бўлганмиз. Ниқоб тақиб юриш керак, деган гапларни кўчадан эшитдим, лекин ҳеч қандай расмий огоҳлантириш берилмади.

Уйим ва Кофрун қишлоғи ораси тахминан 20 дақиқалик масофа. Кофрун ва бошқа яқин қишлоқлардаги аҳоли узоқроқдаги оға-инилариникига кўчириб юборилган. Ҳид тўғридан-тўғри борадиган жойларда эса аҳоли яшашда давом этяпти.

Шаҳарда тез ёрдам машиналари жуда кўп қатнай бошлаган. Қаерга боришини билмайман, лекин газ чиққан йўлга қараб кетади.

Эшитишимизча, Бойсун газининг зарарли моддалари ҳаводан йўқолмас экан, ерда айланиб юрар экан. Давлатдан газни ёпиб кетишларини илтимос қилардим. Ҳаммаларига Аллоҳ куч-қувват берсин.


«Кофрунни тозалашга олиб борилган аёлларнинг мазаси қочган»

Газ қудуғидан 17 километр узоқда яшовчи эркак

Газ чиқиши юз берган қудуқдан 17 километр узоқда тураман. Туш вақти ва кечки соат кечки олти-еттиларда газ ҳиди кучли чиқади. Шу вақтларда ёш болаларни уйдан ташқарига чиқармаяпмиз. Бугун [9 сентябрь куни] «Тоза ҳудуд» [ободонлаштириш] корхонасидан 15 нафар аёл-қизларни Кофрун қишлоғини тозалашга олиб боришган. Ҳаммасининг мазаси қочгани ҳақида эшитдим.


«„Бойсунни кўчиришаркан“ деган гап юрибди»

Бойсунлик

Халқ орасида «Бойсунни кўчиришаркан», деган гап бор, лекин бу гап қанчалик тўғри ё нотўғри, билмайман. Шукрки, биз томонда ҳаммаси яхши. Ҳид ҳар куни келмайди — шамол билан бир келиб, ярим соатга қолмай кетади.

«Робот келтирилган, газ чиқаётган жойни ёпишга ҳаракат қилди, лекин эриб кетди», деган гаплар ҳам чиқди.

Кофрунга яқин Работ деган шаҳарчада аҳвол жуда ёмон. Аҳоли эвакуация қилинмаган, қандай ҳимояланиш кераклиги ҳақида ҳам огоҳлантирилмаган. Ўша ерда яшайдиган қариндошларимиз газ ҳидига чидолмаганидан бизникига келди.


«Одамлар аниқ ва ишончли ахборотни кутяпти»

Бойсун шаҳрида яшовчи она

Бойсун шаҳрида яшайман. Неча километрлигини аниқ билмайману, Кофрун биздан анча узоқ. Лекин газ ҳиди бизга ҳам келяпти. Шамол бўлган вақти ҳид ҳам кучаяди. Бу оддий ҳид эмас-да, жуда ўткир, умуман чидаб бўлмайди. Онда-сонда сезилмай ҳам қолади.

Бугун [9-сентябр куни] пешингача ўзимнинг ҳам, фарзандларимнинг ҳам бошимиз қаттиқ оғриди. Ҳид келганда эшикни ёпиб оламиз, лекин ташқарига икки, ҳаттоки бир дақиқа чиқиб қолсак ҳам бошимизга оғриқ киради.

Ўзи ҳолат ҳақида батафсил маълумотга эга эмасман. Уйдаман. Телефондан кузатяпмиз, давлатдан ҳам, янгилик узатувчилардан ҳам ҳеч қандай ахборот йўқ. Бошқа одамлар қанақа чора кўришяпти, бундан ҳам хабарсизмиз.

Агар шу кетишда бўлса, биз ҳам қаергадир кўчишни ўйлаб турибмиз. Лекин шароитимиз йўқ. Билмадим, Термизгами ёки бирор жойдан квартира олибми, чиқиб кетмасак, бошқа йўл кўрмаяпман.

Кофрундан унча узоқда бўлмаган қариндош-уруғларимиздан бошлари оғриётгани, қон босимлари кўтарилиб, ланжлашаётганларини эшитаман. Бошқа туман, вилоятларда таниши, қариндоши йўқлар ҳудудни тарк этолмай ўтирибди.

Ҳамма яшаш жойи масаласида иккиланиб қолган, ҳеч ким ҳеч қандай қарорга келгани йўқ. Лекин ҳолат шу тариқа кетиши ёки тўхтатилиши ҳақида бизга аниқ маълумот беришларини жуда хоҳлардик. Масалан, бир-икки ой шу тартибда кетади, бошқа ҳудудга кўчиб ўтинглар, деб огоҳлантиришса, тараддудимизни кўрардик.

Тўғри, ҳозир бу ҳиддан ётиб қолмаяпмиз, лекин болаларимиз ҳам, ўзимиз ҳам организмимизга бу заҳарли ҳавони ютяпмиз-да. Ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмаса керак.


«Аҳолига респиратор етказиб бериш керак»

70 ёшли онахон

Кофрундан тахминан 16−20 километр узоқликда яшайман. 1 сентябр куни газли ҳаводан нафас олганимда кучли бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айнишдан азият чекдим, нафас олишим қийинлаша бошлади.

Ёшим 70 га яқинлашган, юрак-қон томир касаллигим бор ҳамда сурункали бронхитдан азият чекаман. Шунинг учун ҳам газ ҳидини сезганим ҳамон хонани, эшик-деразаларни ёпаман. Токи шамол йўналишини ўзгартириб, газ ҳиди кетгунча хонадан чиқмай ўтираман. Зарурат юзасидан чиқишга тўғри келса, ниқоб ёки сочиқ билан оғиз-бурнимни ёпиб юрибман.

Менимча, аҳолига яхши, сифатли респиратор етказиб берилиши керак, оддий тиббий ниқоблар яхши ёрдам бермаяпти.


«Газ аста-секин организмни енгяпти»

Кофрундан 30 километр узоқда яшовчи аёл

Вазият оғир. Газ ёмон таъсир қиляпти. Айниқса, ёш болалар ва кексаларга. Мен талафот бўлган жойдан тахминан 30 километр узоқда яшайман. Ҳиди кучли, ҳолсизлик, бош оғриғи ва ўпкага таъсири жуда билиняпти.

Атроф-муҳит 100 фоиз ифлосланган десам ёлғон бўлмас. Аҳоли ҳимояга муҳтож, айниқса, ўша газ чиқаётган ҳудудга яқин яшайдиганлар. Вазият кундан-кунга ёмонлашаётгани бизга яққол сезиляпти. Газ бора-бора организмни енгмоқда.

Тўғри, газни ёпишга ҳаракат ҳам қилишаётганини айтишди, лекин сезиларли натижа кўрмадик. Давлатимиздан газни тезроқ ёпиб, муаммони бартараф қилишларини сўрардик.


«Ҳали одамларнинг аҳволига қизиқишгани йўқ»

Кофрундан 10 километр узоқликда яшовчи аёл

Кофрундан 10 километр узоқда турамиз. Аҳвол ёмон. Кўчиб кетайлик десак, шароитимиз йўқ. Давлат ҳали одамлар билан қизиққани йўқ. Умуман, экология бузилиб кетган, соғлиғимизга жиддий зарар етказяпти. Айниқса, тушлик пайти келадиган ҳидига чидаб бўлмайди, ҳовлига чиқишнинг умуман иложи йўқ.

Газ билан боғлиқ ҳолат қай даражада жиддийлигини билиш учун ўша атрофда яшашнинг ўзи кифоя. На кечамиз, на кундузимизда ҳаловат бор. Бошимиз касалликдан чиқмай қолди. Барча саволларимиз жавобсиз қоляпти. Халқни яхши сўз билан овутиб қўйишяпти, лекин ҳолат ёмонлашса ёмонлашяпти-ки, яхшиланаётгани йўқ.


«Карантин эълон қилиниши зарур»

Кофрундан 10 километр узоқликда яшовчи қиз

Бизнинг уйимизда вазият яхшироқ деб айта оламан. Маҳалламиз Кофрундан 10−11 километр узоқда ва чуқурликда жойлашганлиги сабаб, шамол газ ҳидини тепаликка олиб чиқиб кетади. Лекин ҳид йўқ ҳам деёлмайман, ора-сира келади. Шунақа пайт эшик-деразаларни тезда ёпиб, кўчага чиқмасликка ҳаракат қиламиз.

Воқеа қандай содир бўлгани ҳақида аниқ маълумотим йўқ. Газ чиқишни бошлаганини қариндошлари Кофрунда яшайдиган қўшнимиздан эшитиб қолдим. Зудлик билан эвакуация қилиш ҳақида хабар келиб тушгач, улар саросимага тушиб, қариндошларига мурожаат қилган.

Раҳбарлардан айни кунларда Бойсунда карантин эълон қилишларини сўраган бўлардим. Чунки ҳозир мактаблар, ўқув марказлари, иш жойларида дарслар ва ишлар давом этаётгани учун ҳамма кўчага чиқишга мажбур, кўчада эса аҳвол танг.

Ҳозир ташқарига чиқиб келдим, ҳидига чидаб бўлмайди. Бизга ўхшайдиган пастликдаги маҳаллаларда унчалик сезилмаётган бўлиши, шамол бўлганда ҳидни олиб кетаётган бўлиши мумкин, лекин кўчада юриб бўлмайди. Дарсда ҳам ўқувчилар битта жойда ўтиради, ишчи ходимлар ҳам ўтириб ишлайди — улар жуда қийналади. Имкон қадар одамларнинг кўчага чиқмасликларини таъминлаш керак.


«Эсиз Бойсуним»

60 ёшли aёл

Бойсун шаҳрининг ўзида турамиз. Аҳвол яхши эмас, аҳоли ваҳимада. Томоғим ачишиб, ўта кучли бош оғриғи билан юрибман. Олдин туппа-тузук эдим, чаққон-чаққон ишлардим, ҳозир тушкунликка тушганимдан кечаси билан ухлолмаяпман. Турмуш ўртоғимнинг соғлиғида аввалдан муаммолари бор эди, ҳозир янаям оғирлашган.

Мактаб болалари боши, оёғи оғриётгани ҳақида тинимсиз айтяпти. Биттагина ўғил неварам бор. Ҳали тузук-қуруқ тили чиқмаган шу болани ўйлайман. Бир ери оғриса — айтолмаса, газланса — айтолмаса.

Давлат томондан ҳеч қандай чоралар кўрилгани йўқ. «Мана бундай эҳтиёт чораларини кўринглар, мана бу дориларни ичинглар, ниқоб тақинглар», деган тавсиялар, огоҳлантиришлар ҳам берилмади.

Одамлар бош оғриғи, томоқ ачишиши, ошқозон оғриғи, ланжлик билан юрибди. Масалан, бугун ўзимнинг томоғим, кўзларим ачишиб, икки кўзимдан тинимсиз ёш оқди.

Шу газни ёпиб ташлаш керак. Ўзи бу нимага керак, биз бечора халққа нима фойдаси бор? Умуман ёпиб ташласин, йўқ қилсин.

Шундай жаннатмакон Бойсунимиз бор эди. Ҳавосидан маза қилиб нафас олардик, сувидан ҳеч ким тўймасди. Қани улар? Эсиз, Бойсунимиз! Эсиз, Бойсуним-а?!


Тузатиш: Мақоланинг дастлабки талқинида Кофрун аҳоли пунктининг номи «Кофирун» тарзида хато берилган эди. Хатолик учун узр сўраймиз.