Ўзбекистон «икки ва кўп томонлама муносабатларнинг барча йўналишлари бўйича Россия Федерацияси билан яқин ва конструктив ҳамкорликка доимо тайёр». Бу ҳақда 9 сентябрь куни Тошкентда Россия бош вазири Михаил Мишустин иштирок этган ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Рекорд кўрсаткичлар

Фото: government.ru.Фото: government.ru.

Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи иқтисодий ва энг йирик сармоявий ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда, деди Абдулла Арипов. Сўнгги етти йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробар кўпайди. 2023 йил якунларига кўра, у 10 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон томони маълумотларига кўра, жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш яна 30 фоизга юқорилади.

«Шу билан бирга, ўзаро етказиб бериш таркиби сифат жиҳатидан ўзгармоқда. Аввало, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ҳисобига» — деди Ўзбекистон бош вазири.

Президент Владимир Путиннинг май ойида Тошкентга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини 2030 йилга бориб 30 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйганди. «Бунинг учун кооперация ва импорт ўрнини босиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирлар кўриш муҳим», — деди у.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда 3000 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Лойиҳалар портфели 60 миллиард доллардан ошди. Тоғ-кон, металлургия, энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда, деди Абдулла Арипов.

«Биз Россия Федерациясининг етакчи корхоналари билан кооперацияни янада кенгайтириш ниятидамиз. Давлат раҳбарлари ташаббуси билан қўшма инвестиция платформаси яратилди. Бу, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ўзаро манфаатли муҳим инфратузилма ва саноат лойиҳаларини молиялаштириш учун хизмат қилади», — деди у.

Минтақавий даражадаги ҳамкорлик доирасида йил якунига қадар 100 дан ортиқ ўзаро ташрифлар ташкил этилиши режалаштирилган. «Бизда тарихда ҳали бунақаси бўлмаган. Идораларимиз ва ҳудудларимиз Санкт-Петербург иқтисодий форуми, Кавказ инвестиция форуми, Қозон форуми, «Иннопром»да фаол иштирок этди», — деди ҳукумат раҳбари.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналиши транспорт-транзит ҳамкорлиги ҳисобланади, дея давом этди у: «Биз мамлакатларимизга маҳсулот сотишнинг истиқболли бозорларини очиш имконини берадиган янги халқаро транспорт йўлакларини шакллантиришдан манфаатдормиз».

«Мамлакатларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри рейслар сони ҳафтасига қарийб 300 та рейсга етди. Бизда дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакати билан бундай кўрсаткич йўқ. Географияси кенгайишда давом этаётган темирйўл йўловчи қатнови тўлиқ тикланди», — деди Абдулла Арипов.

Ўтган йили Ўзбекистонга 700 мингдан ортиқ россиялик сайёҳ ташриф буюрган. «Бу — рекорд кўрсаткич. Ўзбекистонга ҳар ўнинчи сайёҳ Россия Федерациясидан келган», — деди у.

Мамлакатлар ўртасида «иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг уч даражали ноёб тизими» шакллантирилди: ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ва идоралараро даражадаги кичик комиссия. «Яратилган ҳамкорлик механизми ўз самарасини амалда исботлайди, деб ҳисоблаймиз», — деди Ўзбекистон бош вазири.

«Ўзбекистон — Россиянинг ишончли ҳамкори»

Фото: government.ruФото: government.ru

Михаил Мишустин Ўзбекистонни «Россиянинг ишончли ҳамкори» деб атади: «Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар тенг ҳуқуқлилик, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади. Биз иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни фаол равишда кенгайтирмоқдамиз».

Унинг таъкидлашича, Россия томонининг статистик маълумотларига кўра, ўтган йили товар айирбошлаш 11,5 фоизга (820 миллиард рублдан ортиқ), жорий йилнинг биринчи ярмида эса деярли 9 фоизга ошган. «Ўйлайманки, бизда [30 миллиард долларлик савдо айланмасига эришиш бўйича стратегик мақсадни] амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд», — деди Россия ҳукумати раҳбари.

Михаил Мишустин «минтақалараро алоқалар мустаҳкамланиб, турли соҳаларда, жумладан, қўшма саноат зоналари каби янги оммабоп лойиҳалар амалга оширилишига» умид билдирди. У, шунингдек, икки давлат ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва «юк ва йўловчи ташишни кўпайтириш учун» ишончли халқаро логистика йўлакларини биргаликда ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: gov.uzФото: gov.uz

Россия бош вазири саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва экспорт-импорт занжирларини кенгайтиришни истиқболли йўналишлар деб атади. У шу куни ташриф буюрган «Технопарк» компаниясидан ҳайратда қолганини таъкидлади. Бу ерда собиқ ТАПОиЧ заводи ҳудудида 17 та ишлаб чиқариш мавжуд: музлаткичлар, газни ҳисобга олиш асбоблари, совитиш тизимлари, лифтлар ва эскалаторлар, сув насослари, алюминий композит панеллар, радиаторлар, металл конструкциялар ва сендвич панеллар, кир ювиш машиналари ва бошқалар.

«Бу ўзбек дўстларимизнинг каттагина иши ва у ҳақиқатан ҳам саноат ишлаб чиқариш ҳажми, шунингдек, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари нуқтаи назаридан ажойиб натижаларни кўрсатмоқда», — деди Михаил Мишустин.

У Россия бизнеси Ўзбекистон иқтисодиётига фаол сармоя киритаётганини таъкидлади. «Россиялик ритейлерлар ва электрон тижорат соҳасида фаолият юритувчи компаниялар «тез суръатлар билан ўз иштирокини оширмоқда». «Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, жумладан, Ўзбекистонга Россиядан табиий газ, нефть ва нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда. «Росатом» компанияси иштирокида тинчлик атоми бўйича ҳамкорликни амалий даражага ўтказмоқдамиз», — деди Россия ҳукумати раҳбари.

«Биз бошқа йўналишларни ҳам ривожлантиришни таклиф қиламиз. Полимерларни юқори технологик ишлаб чиқаришни ташкил этиш, фуқаро учувчисиз учиш тизимлари ва уларнинг таркибий қисмларини маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганмоқдамиз. Ўзбекистонда темирйўл машинасозлиги соҳасида ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича принципиал қарор қабул қилинди», — деди у.

«Бизнес учун қўшимча имтиёзлар янги савдо бозорларини очиш, адолатли рақобат учун шарт-шароитларни шакллантириш орқали Ўзбекистоннинг Евроосиё интеграциясида иштирок этишига имкон беради», — дея қўшимча қилди Россия бош вазири.

Фото: gov.uzФото: gov.uz

У гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади. «Биз мамлакатларимизни бирлаштирувчи дўстлик ва ўзаро ҳурмат анъаналарини қадрлаймиз. Умумий тарихга жуда эҳтиёткорона ёндашамиз», — деди Михаил Мишустин. У Ғалаба боғига бориб, «боғ бизда кучли таассурот қолдирди» дея таъкидлади.

Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро сайёҳлар оқими 2 баробарга ошиб, 1,2 миллион кишига етди. Жорий йилнинг биринчи ярмида у яна 12 фоизга ошди, деди Мишустин. Ушбу кўрсаткичларни оширишга «ушбу соҳадаги келгусидаги мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, Россияда Ўзбекистон туризм йилини ўтказиш» ёрдам беради. 24 сентябрдан Москва ва Тошкент ўртасида йўловчи поездлари қатнови тикланади.

Михаил Мишустин комиссия йиғилишининг якунлари «ҳамкорлигимизга қўшимча туртки беришига», «Россия ва Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ва, энг муҳими, фуқароларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишига» ишонч билдирди. «Биз айнан шу мақсадда ишлаяпмиз», — деди у.