5 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани суди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тураев, унинг қизи Анаис Тураева ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм чиқарди. «Газета.uz» суд қарорини ўрганди.

2021 йил сентябрь ойида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тураевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 миллион дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик тендерда ғолиб бўлгани хабар қилинганди. Ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тураева эди.

Иш материалларига кўра, Алишер Тураев тендер комиссиясини «ўзига содиқ одамлар»дан (улар алоҳида жиноий ишда кўрсатилган) тузган, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолаган, лекин аслида у ўтказилмаган.

Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонган. 2021 йил 30 август куни корхона билан in-vitro усулида 1 миллион дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 миллиард сўмлик шартнома тузилди, дейилади ҳужжатда.

Суд қарорида қайд этилишича, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, «талон-торож қилинган» маблағлар ўтказиб берилган.

Тўраев, унинг қизи ва марказ ҳисобчиси ҳам маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш бўйича бошқа расмий ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, улар 2023 йилда иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатларнинг кўчат экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, бироқ ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган.

Мазкур суд қарорида қайд этилганидек, Тошкент вилояти агрохизматлар марказига 562,8 минг дона кўчат ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар сохталаштирилган бўлса-да, аслида у ерга етказиб берилмаган. Шунингдек, ўсимликларни парваришлаш ва иш ҳақи учун 509,1 миллион сўм асоссиз ҳисобланган.

Судда Алишер Тураев ўз айбига қисман иқрор эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, президентнинг Тошкент вилоятига ташрифи ва вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида эълон қилинган топшириқлари ижроси бўйича 15-баённоманинг 54-бандида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан марказга 10 млрд сўм беғараз ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу маблағларни 2021 йил якунига қадар in-vitro шароитида узумнинг совуққа чидамли, ҳосилдор, экспортбоп, турли касалликлардан холи уруғсиз навларини яратиш ва кўпайтириш учун 1 миллион туп кўчат етиштиришга йўналтириш режалаштирилганди.

Унинг сўзларига кўра, у ўша пайтдаги қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Президент администрацияси вакиллари билан маслаҳатлашиб, агентликка 35 та узум навини (асосан хорижий навлар) жўнатган, шундан 23 таси танлаб олинган.

Судланувчи Самарқанддаги Sam Agro, Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ва унинг Сурхондарёдаги филиали ҳамда ўзи асосчи бўлган De Nova Agro корхоналарига хатлар йўллаганини маълум қилган.

Алишер Тураев узум кўчатлари билан. «Ўзбекистон 24» телеканалининг 2020 йил декабрдаги сони лавҳасидан.Алишер Тураев узум кўчатлари билан. «Ўзбекистон 24» телеканалининг 2020 йил декабрдаги сони лавҳасидан.

Унинг таъкидлашича, De Nova Agro`дан ташқари қолган ҳамма 23 та узум навининг кўчатларини тўлиқ тайёрлай олмаслигини маълум қилган.

Тураев шундан сўнг у олинган пулни қандай сарфлаш бўйича марказ билан маслаҳатлашгани, ўша пайтда қишлоқ хўжалиги вазири бўлган Жамшид Ходжаев ва ўзига нотаниш Президент администрацияси вакиллари унга узум кўчатлари етиштириш бўйича тендер эълон қилиш юзасидан оғзаки кўрсатма берганини маълум қилди.

Алишер Тураевнинг айтишича, у вазирлик юристларидан тендер ўтказиш тартиби ҳақида сўраган. Унинг сўзларига кўра, агар ўзи асос солган De Nova Agro танловда иштирок этса, муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигини билмаган. Унинг қайд этишича, вазирлик юристлари, агар бошқа иштирокчилар ҳам бўлса, тендерда компания иштирок этиши мумкинлигини айтишган.

Айбланувчининг айтишича, марказ ҳудудида иссиқхоналар ва уларни сақлаш учун майдон ҳали тайёр бўлмагани учун 1 миллион дона кўчатнинг ҳаммаси De Nova Agro`да қолган. Корхона билан ойига 6 миллион сўмдан сақлаш шартномаси тузилган.

2022 йил декабрь ойида 97 минг дона кўчат партиясининг бир қисми Пахтачилик институти иссиқхонасига ўтказилган, бироқ кескин совуқ туфайли 30 мингта кўчат нобуд бўлган. Қолган кўчатларни йўқотмаслик учун уларни De Nova Agro`га қайтаришга қарор қилинди, деди у.

Алишер Тураев вазир Ходжаевга яна 0,5 гектар майдонда иссиқхона қуришни тезлаштириш юзасидан хат ёзганини, у 2023 йил апрель ойида қуриб битказилганини айтди. Апрель ойидан август ойининг охиригача корхона томонидан марказга 700 минг дона кўчат топширилган, уларнинг сони ички аудит ходимлари томонидан ҳисоблаб чиқилган, деди у.

Судланувчига кўра, уни ноябргача иссиқхонада газ ёқилишига ишонтиришган, бироқ рухсатнома йўқлиги сабабли бу амалга ошмаган, кейин эса рухсат олиш учун ҳужжатлар йиғилмаган. 16 ноябрь куни Тураев унинг ишдан бўшаши ҳақида буйруқ билан таништирилган.

У судда De Nova Agro ҳисобига қанча пул ўтказилгани, компания ва марказнинг шартнома бўйича мажбуриятларини ҳам айтолмади.

Судланувчининг тан олишича, келишувда кўрсатилганидек 1 миллион туп эмас, 5−25 см баландликдаги 700 минг туп кўчат етказиб берилган. Унинг сўзларига кўра, кўчатларни парвариш қилиш учун мавсумий ишчиларни жалб қилиш, ўғит, ҳимоя ва бошқа воситаларни сотиб олиш учун қонуний равишда маблағ ажратилган. Бу масалада у ўзини айбдор деб ҳисобламайди.

У қолган 300 минг кўчатни етказиб беришга тайёрлигини айтиб, кўчат ва ниҳоллар сўзларига нотўғри таъриф берилаётганини билдирди (дарахт ёшлигининг икки хил босқичи, ниҳол жуда ёш дарахтга тегишли бўлиб, ундан кейин кўчат босқичи келади).

Суд қароридан маълум бўлишича, гувоҳлардан бири Тураев билан 2018−2019 йилларда таниш бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, 2021 йил август ойида унга Тураев қўнғироқ қилиб, 1 миллион туп узум кўчатини етказиб бериш бўйича тендер кутилаётгани ва у Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик институти ғолиб бўлишини хоҳламаслигини, чунки шундай бўлса, уларга 200 миллион сўм тўлаши кераклигини айтган.

Гувоҳнинг кўрсатмаларига кўра, судланувчи унга бу лойиҳа «ўлим ва тирилишдек экани, гап 1 миллион доллар ҳақида кетаётганини» айтган ва шу соҳада ишлаётган компанияларни топишга ёрдам беришини сўраган. У унга Пискент туманидан бир компания раҳбарининг телефон рақамини берган.

Анаис Тураева судда ўз айбини тўлиқ инкор этди. Унинг сўзларига кўра, шартномани у эмас, De Nova Agro компанияси директори Стрелковских ва унинг отаси Алишер Тураев имзолаган. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, корхона томонидан марказга 700 минг дона узум кўчати етказилган, яна 76 мингтаси корхонанинг Янгийўл туманидаги иссиқхонасида, қолганлари ишлаб чиқариш жараёнида тўхтатилган.

Судланувчининг айтишича, у корхонани директор сифатида вақтинча бошқарган ва турли ойларда марказга уч партияда 700 минг туп кўчат топширган. У ҳавонинг совуқлиги ва газ етишмаслиги сабабли ўсимликларнинг нобуд бўлишида ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини таъкидлади.

Бош ҳисобчи Мансур Қўзибеков Тураевнинг кўрсатмаси билан етказиб берувчининг ҳисоб рақамига маблағ ўтказганини ва бу жараёндан манфаатдор эмаслигини, эвазига ҳеч қандай моддий маблағ олмаганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, у ишдан бўшатилиши мумкинлиги ва оилада ягона боқувчи бўлгани ва кредити борлиги сабабли у раҳбарнинг «ноқонуний буйруғини» бажаришга мажбур бўлган.

Шунингдек, у тендер ҳужжатлари рус тилида бўлгани учун у билан танишмаганини билдирди. Қўзибеков маҳсулотни қабул қилиш далолатномаси дастлабки ҳисоб-китобларсиз имзоланганини кўрсатиб ўтди.

Шу билан бирга, у «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ маҳсулот ва товарлар харид қилингани, арзонлиги туфайли De Nova Agro компанияси тендерда ғолиб чиққанини таъкидлади.

Суд Алишер Тураевни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топди ва 2 йил муддатга давлат ташкилотида раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Мансур Қўзибеков шу каби моддалар учун 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Анаис Тураев Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 28-моддани қўллаган ҳолда 209-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлигида шериклик) бўйича 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Ҳукм ижроси 2027 йилнинг 8 июлига — 2024 йилнинг июль ойида туғилган ўғли уч ёшга тўлгунига қадар кечиктирилди.