Ўзбекистон ва Россия энергетика вазирликлари Россиянинг «Тизим оператори»ни Марказий Осиё ягона энергетика тизимига (МО ЯЭТ) қўшишга келишиб олди. Бу ҳақда Россия бош вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасидаги музокаралар якунлари бўйича Россия энергетика вазири Сергей Цивилёв журналистларга маълум қилди, деб ёзди ТАСС.

«Тизим оператори» — Россиянинг ягона энергия тизимида марказлаштирилган тезкор диспетчерлик назоратини амалга оширадиган ихтисослаштирилган ташкилот.

«Бугун икки вазирликнинг муаммони тез ҳал этишни қўллаб-қувватлаш сўралган қўшма баёноти бўлди. Марказий Осиёда биз ҳали аъзо бўлмаган алоҳида энергетика тизими мавжуд. Лекин Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимини биргаликда бошқариш учун ["Тизим оператори"] келиши керак, биз у билан боғланганмиз. Ўзбекистон томони буни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Буни яқин келажакда амалга оширамиз», — деди Россия энергетика вазири.

Сергей Цивилёвнинг қўшимча қилишича, бу ташаббус нафақат электр энергиясини тижорий экспорт қилиш, балки мамлакатлар ўртасидаги оқимларни бошқариш билан ҳам боғлиқ бўлиб, бу энергия тизимларини танқислик, табиий омиллар ва юқори юкланишларда тезда мувозанатлаш имконини беради.

«Агар тўсатдан кимдир билан нимадир юз берса, биз мувозанатни сақлаш учун мамлакатларнинг эҳтиёжларини оқимлар билан тезда қўллаб-қувватлай оламиз. <...> Бу тизим хавфсизлигини тўғри таъминлашимиз учун муҳим», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов (ТАСС'дан иқтибос).

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги пресс-релизида ушбу келишув ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Хабарда айтилишича, вазирлар икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, ёқилғи-энергетика комплексига инвестицияларни жалб қилиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш сингари масалаларни муҳокама қилган. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида энергетика алоқаларини изчил мустаҳкамлаш» борасида таклифлар билдирилган.

«Газета.uz» Энергетика вазирлиги матбуот хизматига Россиянинг Марказий Осиё ягона энергетика тизимига қўшилиши мумкинлиги масаласи бўйича сўров юборди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ РФда электр энергияси экспорти-импорти бўйича ягона оператор бўлган «Интер РАО» Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш имкониятларини ўрганаётганини маълум қилганди. Етказиб бериш кузда бошланиши мумкин.

Ҳозирда Марказий Осиё энергетика тизимига Ўзбекистон, Қирғизистон, Жанубий Қозоғистон ва Туркманистон киради. Май ойида Тожикистон ҳам тизимга қўшилиши маълум бўлганди.

Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистоннинг ягона энергетика тизими (ЯЭТ) 1970 йилларда яратилган. У Тошкентдаги мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, ирригация даврида электр энергиясига бўлган талаб ва сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатлаш имконини беради.