Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Олимпия шаҳарчаси қурилишининг бориши билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Мажмуа 2025 йилга мўлжалланган ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинларини ўтказиш мақсадида қурилмоқда.

Мусобақа дастурига Халқаро олимпия қўмитаси томонидан тан олинган 29 спорт тури киритилган. Ўйинларда қитъанинг 45 давлатидан 3000 дан ортиқ спортчи иштирок этиши кутилмоқда.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

100 гектар майдонга ёйилган Олимпия шаҳарчасида буларнинг барчаси учун шароит бўлади, дейилади хабарда. Бугунги кунга қадар 12 минг ўринли олимпия стадиони, 2000 томошабинга мўлжалланган велодром, сув спорти саройи, шунингдек, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари қурилиши ниҳоясига етиш арафасида.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

«Давлатимиз раҳбари ушбу иншоотларда бўлиб, қурилишнинг боришини кўздан кечирди. Мутасаддилар очилиш маросими ва мусобақалар пайтида бўлажак шароитлар юзасидан ахборот берди», — дейилади хабарда.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

«Шавкат Мирзиёев қулайлик ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу жараёнларни юқори даражада рақамлаштириш, сунъий интеллект воситаларидан кенг фойдаланиш лозимлигини таъкидлади», — дея қўшимча қилди президент матбуот хизмати.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Олимпия шаҳарчасида футбол, волейбол, теннис, чим устида ҳоккей ва енгил атлетика учун 15 та очиқ майдон бўлади. Шунингдек, музей ва офисларни ўз ичига олган маъмурий бино, боғлар, сунъий кўл қуриш режалаштирилган.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Шавкат Мирзиёев Хитойнинг қурилиш ишларини олиб бораётган CAMC Engineering компанияси вакили билан суҳбатлашди.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Осиё ўйинлари якунланганидан кейин Олимпия шаҳарчаси ўз фаолиятини давом эттиради ва, президент аввалроқ таъкидлаганидек, «мамлакат спортининг илмий, амалий, ўқув-машғулот маркази» ва соғломлаштириш марказига айланади.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Бу ерда Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқот институти ва Спорт турларини ривожлантириш маркази жойлашади.

олимпия шаҳарчаси, шавкат мирзиёев

Шаҳарча негизида профессионал спортчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича машғулотлар ташкил этилиб, ҳудудий спорт ташкилотлари мажмуа инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Олимпия шаҳарчаси «ақлли шаҳар» концепцияси асосида бошқарилади ва «узоқ йиллар халқимизга хизмат қилади», дея таъкидлади давлат раҳбари матбуот хизмати.