Ўқитувчиларни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига овоз йиғишга мажбуран жалб қилган мактаб директорининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди, дея хабар қилди Сенат ахборот хизмати.

Жумладан, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия бундай ҳолат Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 18-мактабда кузатилганини аниқлади. Директор мактаб ўқитувчиларини лавозим йўриқномасига кирмайдиган вазифага мажбур қилгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисми (Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш, ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса)га асосан БҲМнинг 100 баравари миқдорида (БҲМнинг бир баравари 1 сентябрдан бошлаб 375 минг сўм) жаримага тортилди.

Миллий комиссия масъулларни, шунингдек, иш берувчилар ва ҳудуд раҳбарларини ходимларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.

«Конституциямизга мувофиқ, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мамлакатимизда мажбурий меҳнат тақиқланганлиги ҳамда миллий қонунчилигимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгилангани ҳақида эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 35 та ҳолатда ўқитувчи ва шифокорлар «Ташаббусли бюджет»га овоз йиғишга мажбурланган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.

«Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йилдаги 2-мавсумида 1772 та лойиҳа ғолиб бўлди. Жараёнда Ўзбекистон бўйлаб 9 млн 81 мингта овоз берилди.