ДХХ томонидан Тошкент шаҳрида 2 нафар адвокат ва юрист пора олишда гумонланиб ушланди, дея хабар қилмоқда «Хавфсизлик» Telegram канали.

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати М.М. Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилинган шахсга нисбатан суд тизимидаги танишлари орқали оқлов ҳукми чиқариб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

У сўралган пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бошқа ҳолатда эса Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати Ш. У. ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият юристи Т.Н. ўзаро келишган ҳолда жазо муддатини ўтаётган шахснинг айбловидан бир моддани олиб ташлаш орқали, унга нисбатан тайинланган жазони суд тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали бошқа енгилроқ жазо турига алмаштириб бериш эвазига 75 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Озодликдан маҳрум қилинган шахс 2021 йилда Жиноят кодексининг 131 (Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) ва 135-моддалари (Одам савдоси) билан судланиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлган.

2024 йилнинг март ойида улар сўралган пул маблағини олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Ш. У. ва Т.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди (Кўп миқдорда пора беришга уриниш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан Ш. У. ва Т.Н.нинг ҳар бирига нисбатан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 136 млн сўм жарима жазоси тайинланди.

Адвокат Ш. У. муқаддам суд тизимида судья лавозимида ишлаган. МЧЖ юристи Т.Н. эса 2009 йилда Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан, 2016 йилда эса Жиноят кодексининг 122-моддаси (Вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан судланган.