Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Янги Ўзбекистон кўчасидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар қилди.

Бу кўчанинг узунлиги 11 километр, эни 86 метр бўлиб, хабарда айтилишича, сўнгги йилларда энг катта йўллардан бирига айланган. Шу боис давлат раҳбарининг 2022 йил 30 июндаги қарорига асосан, Янги Ўзбекистон кўчасида ишбилармонлик маркази қурилиши ва йўли бўйи инфратузилмаси ривожлантирилиши белгиланган эди. Унга мувофиқ, дирекция тузилиб, меъморий концепция ишлаб чиқилган.

президент, янги ўзбекистон кўчаси

Эслатиб ўтамиз, қарор «Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини ўзида акс эттирувчи пойтахтга кириб келишда янги архитектура ечимларини яратиш»ни назарда тутади ва «аҳоли учун сайр қилиш ва ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган барча хизматларни ўзида мужассам этувчи янги тураржой массивлари қуришни жадаллаштириш мақсад қилинган.

«Yangi O’zbekiston ko‘chasi» ишбилармонлик маркази қурилиши учун 241,93 га ҳудуд, шу жумладан, 198,12 га суғориладиган ерлар аҳоли пунктлари ерлари тоифасига ўтказилиши кўзда тутилганди.

Лойиҳага кўра, кўчанинг икки томонида миллий руҳга уйғун замонавий турар жойлар, меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари қурилади. Сайилгоҳ ва кўнгилочар масканлар, пиёда ва велосипед йўлакчалари ташкил этилади.

президент, янги ўзбекистон кўчаси

Кўчада «Тошкент-Шарқий» аэропорти ва Олимпия шаҳарчаси ҳам қурилмоқда. Президент ушбу иншоотлар атрофини ҳамда уларга олиб борувчи йўл бўйини кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатма берган. Бу галги ташриф чоғида шу борадаги ландшафт дизайни таклифлари кўриб чиқилди.

Унга кўра, Янги Ўзбекистон кўчасининг икки тарафи янада обод қилинади. Чинор, эман, лола дарахти, каталпа, писардия, кипарис, ҳинд настарини, лаванда, Сурия атиргули каби дарахт ва буталар декоратив шаклда экилади. Аэропорт олдида иккита фаввора қурилади. Умуман, бу ҳудуд Тошкентнинг «яшил белбоғи»нинг бир қисми бўлади.

Давлат раҳбари ландшафт композицияси бўйича ўз тавсияларини билдирди. Бу ерда экология, сифат ва маданият уйғунлашиши кераклигини таъкидлади.