Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Teach for Uzbekistan нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида таълим соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди. Шартнома педагогик маълумотга эга бўлмаган 10 нафар ўқитувчига мактабларда кўнгилли сифатида ишлаш имконини берди.

Teach for Uzbekistan — нотижорат таълим лойиҳаси ва Teach for All глобал тармоғининг ҳамкори. Унинг мақсади Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидаги таълим тизимини тубдан ўзгартириш, ёш етакчи ва мутахассисларни мактаб таълимига жалб этишдан иборат.

Финалчиларни аниқлаш учун ташкилот беш босқичли саралаш жараёнини ўтказди. «Газета.uz» аввалроқ унинг босқичлари ҳақида батафсил маълумот берган эди. Жами 740 та ариза кўриб чиқилди. Лойиҳа координатори Фёдор Шеберстов номзодлар профессионал рекрутерлар ва катта иш тажрибасига эга ўқитувчилар томонидан танланганини таъкидлади.

«Кўпчилик: „Педагогик маълумоти ва тажрибаси бўлмаган одам мактабда болалар билан қандай қилиб ишлаши мумкин?“, деган саволни беради. Гап шундаки, биз мактаб ўқувчиларини ўқита оладиган одамларни танлаб оламиз. Педагогик қобилиятга эга бўлган одамларни қандай ажратиб олишни биламиз. Фарзандим Россиядаги, ҳар йили дунёнинг 100 мингга яқин мактаблари иштирок этадиган PISA дастури [Халқаро ўқувчилар билимини баҳолаш дастури]да 25-ўринни эгаллаган мактабда ўқиган. Бу мактабда педагогик маълумотли бирорта ўқитувчи йўқ эди».

Танловнинг якуний босқичи финалчилар учун беш ҳафталик педагогик тренинг бўлди. Дастур Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ўқитувчилар энг янги педагогик методлар ёрдамида «юмшоқ» қобилиятларни ривожлантириш усуллари, актёрлик ва бошқа фанлар бўйича ўқитилди.

Жами 13 нафар ўқитувчи Қашқадарё вилоятининг Чироқчи ва Кўкдала туманларидаги мактабларга йўл олди. Улардан 10 нафари педагогик маълумотга эга эмас. Улар икки йил давомида инглиз тили, математика, кимё, информатика, иқтисодиёт ва биология фанларидан дарс беради.

«Педагогик таълими йўқлигига қарамай, улар ўз фанини мукаммал билади, — деди «Газета.uz»га Teach for Uzbekistan’нинг «Ишга олиш ва танлаш» бўлими раҳбари Нигина Раҳмонова. — Масалан, кимёгарларимиздан бири Қозон нефть ва газ институтини тамомлаган, математигимиз эса — Губкин университетини. Уларнинг барчаси кенг қамровли саралаш ва педагогик тайёргарликдан ўтган».

Ўқитувчилар аллақачон мактабнинг барча ресурсларидан фойдаланиш имкониятига эга, шунингдек, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, таҳлил ўтказиш ва таълим даражасини ошириш учун рухсат олди.