Ўзбекистонлик спортчи Дурдона Абдужабборова сумо бўйича 25-жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги. Бу Ўзбекистоннинг ушбу спорт тури бўйича халқаро майдондаги илк ютуғи бўлди, дейилади хабарда.

7−8 сентябрь кунлари Польшанинг Кротошин шаҳрида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Турнирда 33 давлатдан 200 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Ўзбекистон шарафини Абдуқодир Усмонов (80 килограммгача), Маҳмуджон Максудов (115 килограммгача), Фаридахон Тўлашова (73 килограммгача) ва Дурдона Абдужабборова (мутлақ оғир вазн) ҳимоя қилди.

Абдужабборова ўз тоифасида Эстония, Польша ва Украинадан келган рақиблари билан ўтказилган жангларда иккита ғалаба ва иккита мағлубият қайд этди ва бу унга учинчи ўринни эгаллаш имконини берди. У бронза медални япониялик спортчи Айри Ҳисано билан баҳам кўрди. Норвегиялик Катрин Фрилсет кумуш медални қўлга киритган бўлса, украиналик Ирина Пасечник чемпионлик унвонига сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Адлия вазирлиги 2023 йил 12 октябрда Ўзбекистон Сумо федерациясини давлат рўйхатидан ўтказган эди.

сумо, сумо федерацияси