2024 йилнинг январь-июль ойларида 764 723 та янги иш ўрни ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов АОКАда ўтказилган брифингда.

Қайд этилишича, ўтган даврда

  • 3158 нафар ёшнинг иш билан таъминланишида;
  • 6277 нафарига ижарага ер ажратилишида;
  • 1526 нафарининг тадбиркорликка жалб этилишида;
  • 5036 нафарига ўзини ўзи банд қилишида;
  • 4062 нафарининг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиш курсларида ўқитилишида;
  • 9988 нафарига контракт пули тўлаб берилишида кўмаклашилган.

Прокурорлар секторларидаги «Темир дафтар»га киритилган 5 мингдан зиёд оиланинг 181 тасининг уй-жойи
таъмирланиб, 57 тасига янги уй-жой қуриб берилди. 2 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд оиланинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланди.

Бундан ташқари, 327 нафар ишчи-хизматчининг кечиктирилган 2,3 млрд сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Прокурорлар ташаббуси билан 582 маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, уларда 8759 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилди, дейилади ҳисоботда.

Ўз навбатида, иш ҳақи ва нафақа пулларининг 4,2 млрд сўми талон-торож қилингани аниқланиб, 52 та жиноят иши қўзғатилди.