11 сентябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров бокс бўйича ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов билан учрашди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Парижда ўтган ёзги Олимпия ўйинларида қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек ўғли ярим финалга чиққанида унга Ўзбекистон делегациясидан борган мураббий Акмал Ҳасанов секундантлик қилганди.

Учрашувда президент мураббийга Мунарбек Сейитбек ўғлининг ғалабасига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик белгиси сифатида Tracker автомобилини совға қилди. Жапаров Ҳасановнинг ҳаракати Қирғизистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги ва ҳамжиҳатлигини улуғлаганини алоҳида қайд этди.

акмал ҳасанов, бокс, садир жапаров, қирғизистон

«Марказий Осиё халқлари бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатларни намоён этишини бутун дунё кўрди. Спорт тинчлик элчиси, деб аталади. Сиз ўз намунангиз билан ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшдингиз. Бирлигимиз янада мустаҳкамланишини тилайман», — деди Садир Жапаров.

Президент Париждаги Олимпиадада ўзбекистонлик спортчиларнинг яхши натижаларини ҳам таъкидлади.

«Ота-боболаримиз ўз қаҳрамонларига тан олиш белгиси сифатида от совға қилганлар. Ҳозирда автомобилларни совға қилиш одат тусига кирган, бироқ анъана руҳи ўзгармай қолган, бу беқиёс хизматларга ҳурмат ва миннатдорлик ифодасидир», — дея қўшимча қилди у.

акмал ҳасанов, бокс, садир жапаров, қирғизистон

Ўз ўрнида, Акмал Ҳасанов миннатдорлик билдириб, Мунарбек Сейитбек ўғли билан йиғинларда кўп марта учрашганини ва ҳеч иккиланмай унинг секунданти бўлишга розилик билдирганини қайд этди.

Шунингдек, у Садир Жапаровни ва бутун қирғиз халқини муносиб ғалаба билан табриклаб, Қирғизистон спортчилари навбатдаги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритишини тилади.

Эслатиб ўтамиз, Акмал Ҳасанов аввалроқ «Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми» халқаро жамоат бирлашмаси томонидан «Чингиз Айтматов» медали билан тақдирланганди.