Жорий йилда Австралия федерал ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришига йўл қўймаслик учун қонун жорий этишини маълум қилди, деб ёзади Variety.

Минимал ёш ҳали аниқланмаган. Австралия бош вазири Энтони Альбанезенинг сўзларига кўра, ҳукумат 14−16 ёшгача бўлган болаларнинг Instagram ва TikTok’дан фойдаланишини тақиқлаш масаласини кўриб чиқмоқда, унинг ўзи эса минимал ёшни 16 ёш қилиб белгилашни маъқул кўради.

«Мен болалар ўз гаджетларидан узоқлашиб, футбол майдонлари, бассейнлар ва теннис кортларига чиқишларини истайман. Биз уларнинг ҳақиқий одамлар билан ҳақиқий тажрибага эга бўлишларини истаймиз», — деди Альбанесе.

Ҳукумат ҳозирда ёшни текшириш усулларини синовдан ўтказмоқда ва якунда минимал ёш чегарасини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қонун лойиҳаси маҳаллий қоидалардаги фарқларни олдини олиш учун бутун мамлакат штатлари билан биргаликда ишлаб чиқилади.

Агар қонун қабул қилинса, Австралия ижтимоий тармоқларда ёш чегарасини жорий этган дунёдаги илк давлатлардан бирига айланади. Аввалги, жумладан, Европа Иттифоқининг уринишлари интернетда вояга етмаганлар ҳуқуқларини чеклашга доир шикоятлар туфайли муваффақиятсизликка учраганди, дея қайд этади Reuters.

Австралиянинг интернет регулятори — eSafety Commissioner — бир неча ой олдин «чекловларга асосланган ёндашувлар ёшларни ниҳоятда муҳим қўллаб-қувватлашдан чеклаши» ва уларни «нисбатан камроқ регуляция қилинадиган хизматлар»дан фойдаланишга ундаши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

10 сентябрь куни эълон қилинган баёнотда регулятор Австралияда турли платформаларда барча ёшда, ҳам ўсмирликдан олдин, ҳам ундан кейинги даврда хавфсизликка «таҳдид солиши мумкин бўлган ижтимоий медианинг зиёнларига қаратилган ёндашувини яхшилаш учун ҳукумат ва жамиятдаги манфаатдор томонлар билан ишлашда давом этишини» айтди.

The Guardian нашрининг аниқлик киритишича, мамлакат расмийлари аллақачон ёшни текшириш технологиясининг синов версияси учун тендер эълон қилган. Нашрнинг қўшимча қилишича, қандай усуллардан фойдаланиш мумкинлиги ҳамда ўзи тақиқ самарали бўладими ёки йўқлиги номаълумлигича қолмоқда.

  • Март ойида АҚШнинг Флорида штатида 14 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқловчи қонун қабул қилинган эди. Чекловларни бузган компаниялар 50 минг долларгача жаримага тортилади. Ушбу чоралар АҚШдаги энг кескин чоралардан бирига айланди.
  • Хитой ҳукумати ҳам 18 ёшгача бўлган болалар учун мобил қурилмаларда интернетдан фойдаланиш вақтини чеклашни режалаштирганди. Ўтган йилнинг август ойида улар интернет-контентни болалар ёшига қараб тақсимлаш қоидаларини жорий қилган эди.