Сентябрь ойи охирида «Ипак йўли дурдонаси» XVI Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтади. Ташкилотчилар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги ва Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, танлов учун 60 та давлатдан тўлиқ ва қисқа метражли фильмлар йўналиши бўйича 400 дан ортиқ фильм юборилган. Халқаро ҳакамлар ҳайъати уларнинг энг яхшиларини аниқлайди.

Фестиваль доирасида илк бор Туркий маданият халқаро ташкилоти (ТУРКСОЙ) мамлакатлари анимацион фильмларига бағишланган форум бўлиб ўтади.

Бундан ташқари, кино ишлаб чиқарувчиларининг халқаро форуми режалаштирилган бўлиб, унда кино саноатини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, Ўзбекистон ёш киноижодкорлари лойиҳалари питчинг (тақдимоти) бўлиб ўтади.

Фестиваль дастуридан ҳинд актёри Раж Капур таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир, француз актёри Ален Делон фильмларининг ретроспективи, хорижлик режиссёр ва актёрлар: Мажид Мажиди, Автандил Махарадзе ва Кҳему Малинининг маҳорат дарслари ҳам ўрин олган.

«Жаҳон кино юлдузлари билан музокаралар давом этмоқда», — дейилади ташкилотчилар баёнотида.