Ўзбекистонда бош вазир ўринбосари бошчилигида камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланувчи комиссия тузилади. Бу ҳақда 11 сентябрь куни президент соҳа мутасаддилари билан йиғилишда маълум қилди.

Қайд этилишича, Ижтимоий ҳимоя агентлиги директори унга ўринбосар бўлади, вилоят ва туман комиссияларига эса ҳокимлар бошчилик қилади.

камбағаллик, камбағаллик комиссияси, камбағалликни қисқартириш, президент

Президент сўзларига кўра, комиссия ҳар бир вилоятда биттадан тумандаги ишларни ҳафталик муҳокама қилиб, бириктирилган раҳбарлар фаолиятига баҳо беради. Жойларда кўтарилган масалаларни зудлик билан ҳал қилиб боради ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича режалар ижроси юзасидан ҳар ойда давлат раҳбарига ахборот киритади.

Шунингдек, 9 та иқтисодий тадқиқот маркази ва олийгоҳи ҳам илмий ёндашувлар асосида камбағалликни қисқартириш масалалари билан шуғулланиши белгиланди.

камбағаллик, камбағаллик комиссияси, камбағалликни қисқартириш, президент

Шавкат Мирзиёев «бундан буён ҳукуматдан тортиб туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағаллик шароитидан олиб чиқиш бўлиши керак«лигини кўрсатиб ўтди. Мутасаддилар бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, бош прокурорнинг соҳага оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат учун масъул алоҳида ўринбосари тайинланди. У ҳар ҳафта камида битта туманга бориб, камбағал оилаларни реестрга киритиш ва чиқаришнинг ҳаққонийлигини ўрганиши, камбағал оилаларга берилаётган маблағлар эгасига манзилли етиб боришини назорат қилиши керак.