11 сентябрь куни президент раислигидаги камбағалликни қисқартиришга доир йиғилишда ночор оилалар фарзандларига таълим олишда имтиёзлар ажратиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир камбағал оилада, айниқса, хотин-қизлар орасидан камида 1 нафар олий маълумотли киши бўлиши учун шароит яратилишини эълон қилди.

Бунда олийгоҳ, коллеж ва техникум талабаларининг ўзлаштириш кўрсаткичи камида 80 фоиз бўлса, уларга кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади.

Шаҳноза Мирзиёева ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги раҳбари Мансурбек Оллоёров.Шаҳноза Мирзиёева ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги раҳбари Мансурбек Оллоёров.

Шунингдек, ушбу муассасаларга киришда грант учун етарли баллнинг 80 фоизини тўплаган камбағал оила фарзандларига қўшимча грант ажратилади.

Бундан ташқари, молиявий мустақил бўлган олийгоҳларнинг ҳар бири йилига камида 1 миллиард сўмлик грант эълон қилади. Бу грантлар ҳисобидан, фанларни ўзлаштиришидан келиб чиқиб, камбағал оила фарзандлари контрактининг 20 фоиздан 80 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Камбағал оилалар фарзандларининг боғча, мактаб, техникум ва олийгоҳларда сифатли таълим олишини ташкил қилиш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш масалаларини мувофиқлаштириш Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева зиммасига юклатилди.