Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни ўтказган видеоселекторида туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари камбағал оилалар хонадонига кириб, у ердаги шароитни ўз кўзи билан кўрсагина натижа бўлиши таъкидланди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллалар шароитини яхшиламасак, камбағаллик қисқармайди»,
— деди президент. Шу боис келгуси йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантиришга барча манбалардан 1,6 миллиард доллар ажратилиши кўрсатиб ўтилди.

Бу маблағларнинг 1,2 триллион сўми, аввало, энг оғир 300 та маҳаллада сув насослари ва қуёш панеллари ўрнатишга берилади. Яна 2 триллион сўм ҳисобидан энг оғир 500 та маҳаллада электр, йўл, интернет ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал этилади, дея аниқлик киритилди йиғилишда.

Бу ишларни амалга ошириш учун вазирлар, ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, бошқарма бошлиқларидан иборат 250 нафар раҳбарга энг оғир мингта маҳалла боғлаб берилиши таъкидланди.

Шунингдек, вилоятдаги 2 минг ва тумандаги 12 минг нафар раҳбарнинг ҳар бирига 5 тадан шароити энг оғир оила бириктирилиши маълум қилинди.

Шу йиғилишда президент Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши ва бу борада «жуда катта» «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури тайёрланаётганини айтди. Жамшид Қўчқоровнинг тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга масъул этиб белгиланди.