Тошкент шаҳрида яшовчи шахс йўл ҳаракати қоидаларини 363 марта бузиб, 240,8 млн сўм қарз бўлгани учун унга тегишли Spark хатловга олинди, дея хабар бермоқда Мажбури ижро бюроси матбуот хизмати. Бу йўл ҳаракати қоидаларини бузиш сони бўйича янги антирекорд, дейилади унда.

МИБ Чилонзор туман бўлими иш юритувида ЙҲХБнинг қарорларига асосан, фуқаро А.К.га нисбатан 363 та ижро ҳужжати бўйича 240 млн 872 минг сўм миқдоридаги жарималарни ундириш белгиланган.

Бироқ у катта миқдордаги жарималар борлигини билса ҳам жарималарни тўлашдан бош тортиб юрган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида фуқаро номида бўлган Spark машинасига қидирув эълон қилинган. Ҳайдовчи машинани Сергели туманидаги «Тошкент индекс» бозорига сотиш учун олиб чиққанида топилган, сўнгра автомобиль холислар иштирокида хатланган.

Ҳозирда Spark`ни қарздорликни қоплаш учун аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.