Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев 11 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги ҳамон водород сульфид чиқишда давом этаётган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конидаги вазиятни изоҳлади.

«Газета.uz» саволига берган жавобида у геолог сифатида табиатдаги газ конлари иккита бир хил қатлам ўртасидаги юқори босим остида экани ҳақида сўзлади. Жойларда нафақат метан гази, шунингдек, ёндош газлар: пропан, бутан, водород сульфид, карбонат ангидрид ва бошқа таркибий қисмлар ҳам мавжуд.

Бурғилаш жараёнларида юқори босимга эга бўлган қатламни ёриб тушган пайтда бу жойда босим билан газ чиқа бошлайди. Халқаро тажрибаларда баъзида бундай ҳолатлар жуда катта ёнғинлар ва портлашлар билан кечганини кўриш мумкин.

«Бойсундаги кон энди ўзлаштирилмоқда. 1 сентябрь куни газ сизиб чиқиб бошлаган бўлса, қисқа вақт ичида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, „Ўзбекнефтгаз“ ва аҳолини муҳофаза қилувчи бир қатор масъул бошқа ташкилотлар билан бир нечта аҳоли пунктлари, қишлоқларни эвакуация қилди. Аҳоли бошқа жойга кўчирилди. Айни вақтда газнинг табиатга салбий таъсирини камайтириш мақсадида ушбу жойдаги бурғилаш қурилмалари яқинида қўшимча [қудуқ] қазилган ва ёмон газлар ёндириб қўйилган. Бу амалиёт бутун дунёда ҳам бор», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда «газни жиловлаш», уни сиқиб олиш бўйича ҳукумат комиссияси ташкил қилинган.

«„Ўзбекнефтгаз“ асосий ишларни бажармоқда. Улар билан ҳамкорликда жойида штаб ташкил қилинган. Ҳукумат комиссияси мана шу жойда бор. Аҳолини иложи борича хавфларнинг олдини олиш бўйича бир қатор шошилинч чоралар амалга ошириляпти», — деди мутахассис.

Самандар Ҳикматуллаевнинг таъкидлашича, айрим ҳолларда аҳолининг яшаш жойларига қайтаётганини ҳам кузатиш мумкин.

«Бугунги кунга қадар оммавий заҳарланишлар йўқ. Тўғри, ижтимоий тармоқлардан кўряпмиз ёки бизда ҳам маълумотлар бор: баъзи одамлар уйи, чорва молларидан хавотирланиб, ўзларининг [воқеа жойи яқинидаги] уйларига қайтиб келишган ва газ билан енгил заҳарланиш ҳолатлари бор. Улар шифокорларга мурожаат қилганидан сўнг керакли ёрдамни олишади», — деди вазирлик ходими.

Шунингдек, Самандар Ҳикматуллаев Бойсунда ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳам газ билан заҳарлангани ва қисқа вақт ичида касалхонада тиббий кўрикдан ўтгач, ўз ишини давом эттираётганини тасдиқлади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилининг айтишича, яқин кунларда конни жиловлаш ишлари амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» газ тарқалиши туфайли маҳаллий аҳоли касалликка чалинаётгани, шунингдек, улар расмийлардан батафсил маълумот ва кўрсатмалар кутаётганидан шикоят қилган ҳикояларни эълон қилганди.