Номи корейс тилидан «оёқ ва қўлларнинг ҳаракат йўли» деб таржима қилинадиган таэквондо Гулжаной Наимова учун спортнинг шунчаки зарба бериш ва ҳимояланишдан иборат тури эмас, балки кучли бўлишни, йиқилганда тушкунликка тушмай, келаси сафар ғалаба қозониш учун янада яхшироқ тайёргарлик кўриш зарурлигини ўргатган бир санъат ҳамдир. Бу фалсафани яхши англаган спортчи тўрт йилдан сўнг Лос-Анжелесда бўлажак Паралимпиадада Токио-2021 Ўйинларидаги муваффақиятини такрорлашга аҳд қилган. Сабаби — Парижда финалдаги жароҳат унга «олтин»ни олишга халал берди.

«Ирода» — синовларга бой ҳаёти ҳақида айтар сўзи бор, аммо ўзи ҳақида гап кетганида, биринчи галда, бошқалардан фарқли жиҳатларига эмас, балки қобилияту салоҳиятига эътибор қаратилишини истовчи ватандошларнинг кечмишлари ҳикоя қилинадиган лойиҳа. Унда ўз ҳикояси билан бўлишмоқчи бўлганлар Telegram’да @Iroda_loyihaBot орқали боғланиши мумкин.

Ҳаммаси гимнастикадан бошланган эди

Фото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивиданФото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивидан
Сурхон қизи Гулжаной 2001 йили дунёга келган. Унинг Ҳасан-Ҳусан акалари бор. Кичиклигида шўх ва ўжар, шу билан бирга тортинчоқ бўлган қаҳрамонимиз болалигининг аксарият қисми сиҳатгоҳларда даволаниш билан ўтган. Гулжаной орқа миядан чиқадиган нерв шохларининг яллиғланиши билан намоён бўладиган касаллик — (чап қўлида) туғма плексит билан дунёга келган.

«Болалигимизда «Победа» («Ғалаба») деган ўйин бўларди. Унда рақамлар ёзиб чиқилган картон қоғозларнинг орқа тарафини эпчиллик билан ўгириш талаб қилинарди — картон қоғозларни икки қўл билан очиш кераклиги учун мен ўйнолмаcдим, кейин кечаси билан йиғлаб чиқардим. Лекин улғайиб ўйинларда эмас, балки умуман ҳаётда ғалаба қозониш муҳимлиги, дунёни бир қўл билан ҳам забт этиш мумкинлигини англадим, — дейди у.

Уни чет тилларини яхши ўргансин деб Узундаги инглиз тилига ихтисослаштирилган 3 мактабига ўқишга беришган бўлса-да, Гулжанойнинг ўзига тилдан кўра спорт жозибалироқ ҳам қизиқроқ кўринган. Ҳар қандай бола атрофидагиларга тақлид қилади, эргашади. Гулжаной ҳам синфдош дугонасига қизиқиб, гимнастика тўгарагига борган.

«Ўша вақт ёшимга нисбатан гавдалироқ бўлганим учун гимнастика мураббийи бу спорт турига тўғри келмаслигимни айтган. Мураббий билан келишолмай, уйга қайтмоқчи бўлиб, мактаб ҳовлисида айланиб юрганимда кўзим таэквондо билан шуғулланаётган бир зал болага тушиб қолган», — эслайди у.

Ҳавас билан термулиб турган қизчани кўрган мураббий — Аҳмад ака унга машғулотларни ичкарида томоша қилишни таклиф этган. Шуғулланаётган болалар орасида бўлган Ҳусан акаси эса: «Бу ерда нима қилиб юрибсан, нега кирдинг?», қабилида ёвқараш қилган. Гулжаной буни кўрмаганликка олиб, томошада давом этган. Чунки ўша лаҳзаларда унга акасининг «маъноли нигоҳи»дан кўра турнақатор тизилиб машқ қилаётган болаларнинг оппоқ формасию белбоғи, ўзаро ҳурмат акс этган хатти-ҳаракатлари қизиқроқ эди.

«Уйга боргач, мен ҳам таэквондога қатнашимни айтганман. Уйдагилар, табиийки, бунга рози бўлмади. Йўқ, бу қарор „таэквондо қизларга тўғри келмайди“ деган стереотип билан боғлиқ эмасди — уйдагилар саломатлигимдан, қўлига кучли зарба тегса нима бўлади, деб ташвишланишган. Ҳусан акам „Бормайсан, сенга тўғри келмайди“, деган. Мендан бошқаси бўлса, балки, бу гапга хафа бўларди. Аммо мен „барибир бораман“, деб оёқ тираб туриб олганман», — дейди у.

Ўшанда Гулжаной 11 ёшда эди. Уйидагилар унинг устидан қулфлаб, бориш вақтини билмай қолсин, деб соатларни яшириб кетганида ҳам у машғулотларни қолдирмаган. Таэквондо билан шуғулланишни ундан олдин бошлаган акалари спортни ташлаб кетганида ҳам, у фикридан қайтмаган. Негаки, ундаги шунчаки спорт билан шуғулланиш иштиёқига энди жаҳон чемпиони бўлиш орзуси ҳам қўшилган эди.

«Болалигимда негадир бу спортда энг катта ютуқ жаҳон чемпиони бўлиш деб ўйлардим. Кейин адашганимни, Олимпиада ва Паралимпиада чемпиони бўлиш ундан-да каттароқ муваффақиятлигини тушуниб етдим. Спортни ташлаб қўймасанг, нафақат жисмоний ҳолатинг яхшиланиши, балки чемпион ҳам бўлишинг мумкин экан», — дейди у.

Унинг спортга интилиши ва қизиқиши жиддийлигини кўрган оила аъзолари охири унга тан беради, «борсанг боравер» деб қўйишади. Аммо ўшанда оила аъзолари, хусусан, онаси Гўзал опа бир кун келиб Гулжанойнинг чемпион бўлиши, спорт шоҳсупаларига кўтарилишини хаёлига ҳам келтирган эмас. Айни вақтда, спортчи қизнинг муваффақиятларида асли касби ўқитувчи, лекин қийинчилик вақтида қўшимча ишлардан ҳам қочмаган онанинг ўрни ва меҳнати беқиёс.

«Ҳар бир оилада турли вазият бўлгани сингари, орада ота-онам ҳам келишолмай қолган. Улар ажрашган, биз онам билан қолганмиз. Онам энди ишдан бўшаган, биз учун ҳам осон бўлмаган. Оғир меҳнат билан боқиб, вояга етказгани учун ҳам онамдан жуда миннатдорман. Ўшанда биз ҳам акаларим билан бирга қўлимиздан келганини қилганмиз. Кичик акам нон сотган, мен бўлса емакхонага салат тайёрлаб топширардим. Катта акам эса ўқирди, уни ўқитиш, онамга ёрдам бериш учун ҳаммамиз бир жамоа бўлиб ишлаганмиз», — деб эслайди у.

Паратаэквондо

Фото: Гулжаной Наимованинг шахсий арҳивиданФото: Гулжаной Наимованинг шахсий арҳивиданУйда нима гап, қандай аҳвол бўлишидан қатъи назар, Гулжаной спортни ташлаб қўймаган. Аксинча, аста-секин вилоят миқёсидаги мусобақаларда қатнаша бошлаган. Таэквондо билан шуғуллана бошлаганига 6 йил тўлиши арафаси, республика чемпионатларига чиқиш олдидан, Аҳмад ака унга паратаэквондога ўтишни тавсия қилган.

«Мураббийим: „Тошкентда Бобур Қўзиев деган одам бор, олдига бориб, саралашидан ўтиб кўрайлик. Стандартларига тўғри келсанг, сен каби спортчилар билан алоҳида шуғулланишади, қийналмайсан“, деган. Пойтахтга бордик, вазним, бўйимни ўлчашди ва халқаро талабларга мос эканимни айтишди. Синов тариқасида Кореядаги Осиё чемпионатига ҳам олиб боришди», — деб ҳикоя қилади у.

Ўша мусобақадан сўнг Гулжаной жуда хафа, аммо мураббийлари ўзида йўқ хурсанд эди: ҳали Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда ҳам тузук-қуруқ қатнашиб улгурмаган ва Осиё чемпионатига имкониятларини шунчаки кўздан кечириш учун олиб кетилган сурхондарёлик қиз мусобақа финалига қадар етиб бориб, дунё рейтингида 1 ўринда турадиган рақибгагина мағлуб бўлган ва уйга кумуш медаль билан қайтганди.

Унинг халқаро мусобақалардаги муваффақиятли юриши шу тариқа бошланган. 2017 йили Лондонда ўтган жаҳон чемпионатида, жароҳати борлиги туфайли, кумуш медаль билан овунишга мажбур бўлади. Кейинроқ Вьетнамда ўтган мусобақада Осиё чемпиони бўлади. Бу муваффақиятлар уни Паралимпиадага олиб бориши мумкинлигини у, дастлаб, хаёлига ҳам келтирмаган. Чунки 2020 йилгача паратаэквондо энг олий спорт форуми дастурида йўқ эди.

Аммо айнан Вьетнамдаги муваффақиятдан кўп ўтмай: «Сизни расман Токио Паралимпия ўйинларида қатнашишга таклиф қиламиз», деган мазмунида лицензия хати келади. Паратаэквондо учун тарихий ҳисобланган 2021 йилги Токио Паралимпия ўйинларида Гулжаной илк уринишдаёқ Ўзбекистонга олтин медаль билан қайтиб, миллат ифтихорига айланади.Фото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивиданФото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивиданПаралимпиададаги муваффақият ортидан келган мукофотлар, совғалар, унвонлар ўз йўлига — Токио «олтини» унинг бошқа бир орзусини ҳам рўёбга чиқарган. Мактабни битириб, Педагогика коллежида бир йил ўқиган Гулжаной жаҳон чемпионатида совриндор бўлгач ўқишни Термиз Олимпия захиралари коллежида давом эттирган. Коллежни битиргач, Миллий университетга ўқишга ҳужжат топширган, аммо киролмаган.

«Ўшанда жуда хафа бўлгандим, кейин билсам ҳар ишда хайр бор экан. Бир йилдан сўнг Токио Паралимпиадасига тўғридан-тўғри лицензияни қўлга киритдим ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетига грант асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳозир бакалаврни тамомладим ҳам. Навбатдаги манзил — магистратура», — дейди у.

Машғулотлар

Фото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивиданФото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивиданГулжаной мусобақаларга борини бағишлаб тайёргарлик кўради. Чемпионатлар арафасида уйига боришдан, яқинлари билан кўришишдан, ўртоқларидан кечиб, бор эътиборини мусобақага қаратади ва бу жараён баъзида 5−6 ойни қамраб олади. Кучли рақиблар доим кўп бўлса-да, у 1 фоизлик омад ва 99 фоизлик меҳнат билан кутилган натижага эришиш мумкин деб ҳисоблайди.

Тайёргарлик фақат жисмонан эмас, балки психологик ва ақлан ҳам олиб борилади. Жангларнинг видеоёзувлари орқали рақибнинг техникаси, устун жиҳатлари ва камчиликлари ўрганилади, шунга қараб қайси усул қўл келиши ҳақида бош қотирилади, спортчи ўзини руҳан жангга тайёрлайди. Рақиб кучли бўлиши мумкинлиги инобатга олиниб, машғулотлар вақти ҳатто йигитлар билан ҳам спарринг баҳслар ўтказилади.

Гулжаной устуворликни машғулотларига бергани ҳолда ҳар кунлик ишларини бафуржа режалаштириб чиқади. Уйқу, бадантарбия, овқатланиш ва машғулотлардаги ҳар бир дақиқанинг ҳисоби бор — бир дақиқа кўп ҳам, кам ҳам эмас.

Тонг ярим соат давом этувчи чигалёзди билан қаршиланади. Яна шунча вақт давомида нонушта қилингач, хонасига кириб, бироз дам олади ёки китоб ўқийди. Бир соатдан кейин машғулотлар бошланади. Мураббий назорати остидаги икки ярим соатлик машқлардан сўнг Гулжаной залда ўзи қолиб, яна ярим соатча ўзи мустақил шуғулланади. Степ (Оёқлар чигалини ёзиш, тезликни жадаллаштиришга қаратилган ҳаракат — у бир жойда, олдинга ёки орқага чаққонлик билан қадам ташлаш орқали амалга оширилади), тезлик, қолаверса, камчиликлари ва бир томонлама ҳимояни яхшилаш устида ишлайди.

«Чап қўлимда ҳаракат суст — рақибнинг зарбасини ўтказиб юбормаслик учун асосан ўнг томон, ўнг қўл билан ҳимояни яхшилаш устида ишлайман. Шуғулланавериб ўрганиб ҳам қолганман, бир томонлама ҳимоя ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди», — дейди у.

У одатда залдан кеч, ҳаммадан кейин чиқади. Машғулотларда шунчалик чарчайдики, баъзида тушликка тушишга ҳам эринади. Тушликдан сўнг 3−4 соат яхшилаб ухлаб, куннинг иккинчи қисмидаги машғулот учун тикланиб олади, куч йиғади.

Иккинчи машғулот соат 17:00 да бошланади ва у ҳам икки ярим соат давом этади. Бу сафаргисида мустақил тайёрланиш учун залда қолмайди. Катта чемпионатлар арафаси бундан мустасно — Паралимпия, жаҳон чемпионати ёки Осиё ўйинлари олдидан, кечки овқатга тушмай бўлса ҳам, қўшимча бир соат ёки кечки овқатдан кейин залга қайтиб, кечки соат 1−2 гача қолиб тайёрланадиган вақтлари ҳам бўлади. Машғулотлар ниҳоясига етгач, хонасига чиқиб кирларини ювиши, хонасини йиғиштириши, қизлар билан гаплашиб ўтириши мумкин, баъзида эса аксинча — буларнинг ҳеч бирига вақти ҳам, ҳоли ҳам бўлмайди.

Гулжаной мураббийи Бобур Қўзиев билан. Фото: Бахтиёр Тоштемиров/Миллий Паралимпия қўмитасиГулжаной мураббийи Бобур Қўзиев билан. Фото: Бахтиёр Тоштемиров/Миллий Паралимпия қўмитаси

Кўп меҳнат ва ўз устида тинимсиз ишлаш натижа бермай қолмайди. Унинг айтишича, тайёргарлик вақти мураббийлар ҳам спортчилар билан тенгма-тенг тер тўкишини унутмаслик лозим. «Ҳар бир эришаётган ютуғимизда терма жамоанинг бош мураббийи Бобур Қўзиев ва бошқа мураббийларнинг меҳнати борлигини эътироф этиш керак», — дейди у.

Тайёргарлик жараёнида вазнни доимий назорат қилиш ҳам муҳим. Вазнни бир маромда сақлаш куч ва ирода талаб этади. Йўқса спортчининг ўзига қийин. Масалан, Токиодаги Ўйинлардан кейин кечалари овқат буюртма қилишга одатланган Гулжаной бунинг салбий оқибатларини ўз танида яхши ҳис қилгани учун ҳозир ёғли овқатлар тийилади. Кунлик овқатланишдан ортиб яна очликни ҳис қилгудек бўлса, мевалар билан қорин тўйдиради.

«Бизнинг вазн оғир бўлгани учун рақибнинг зарбаси ҳам кучли бўлади ва шунинг ҳисобига оғриқлар мусобақа тугаганидан кейин ҳам давом этавериши мумкин. Менда ҳам шундай бўлган, Эрон ва Саудия Арабистонидаги мусобақаларда оёғимдан қаттиқ жароҳат олганман. Спортда бу одатий ҳол бўлгани учун тушкунликка тушмайман, шифокорларнинг кўрсатмаси билан иш тутишга ҳаракат қиламан. Мутахассислар одатда жароҳатдан сўнг бир ойлаб дам олиш, тиклангунча кутишни тавсия қилади. Лекин мен қайсарлигим туфайли кутмай, машғулотларни эртароқ бошлайман. Даволаниш муолажаларини ҳам машғулотлар билан тенгма-тенг олиб бораман», — дейди у.

Париж

Фото: Бахтиёр Тоштемиров/Миллий Паралимпия қўмитаси Фото: Бахтиёр Тоштемиров/Миллий Паралимпия қўмитаси

Гулжаной учун 2024 йилги Париж Паралимпиадасидаги энг ёдда қоларли, шу билан бирга аламли воқеа — ўзининг финал баҳси бўлди. Чунки у рақибининг тақиқланган — жағ қисмига берилган зарбаси (паратаэквондо қодаларига кўра бош қисмига зарба бериш мумкин эмас) туфайли жангни охирига етказолмади, уни майдондан замбилда олиб чиқиб кетишди. Чиқишдан аввал рақибга нисбатан ўзида устунлик ҳис қилган, ўзига ишончи юқори бўлган суҳбатдошимиз бош қисмидан жароҳат олгани туфайли ўрнидан туриб кетолмагани, жангни охирига етказолмаганини таъкидлади.

«Кичкиналигимда ўтказиб юборган зарбам туфайли жағим бир марта кириб-чиққан эди, финалда ҳам шу ҳолат озгина такрорланиб, бошим айланди. Аслида ғалаба менга берилиши керак бўлган жойда, олтин медаль ҳакамлар томонидан британиялик спортчига бериб юборилди ва шу боис ичимда жуда катта алам қолиб кетди», — дейди у.

Фото: Бахтиёр Тоштемиров/Миллий Паралимпия қўмитасиФото: Бахтиёр Тоштемиров/Миллий Паралимпия қўмитаси

Ғалаба кимга — ўзига берилдими ёки рақибига, билмай чиқиб кетган пайти унинг ичида ғалаён бўлган. Чунки бутун Ўзбекистон, мураббийлари унинг ютуғини кутаётганини яхши биларди. Жангдан кейин берган интервьюлари, видеочиқишларида «ишончни оқлолмадим» қабилидаги фикрни кўп билдиргани ҳам шундандир, эҳтимол.

«Баҳсни охиригача тугатолмаганим аламидан ичкарига кирганимизда Миллий Паралимпия қўмитамиз раиси Мухтор ака Тошхўжаевга «мени шоҳсупага олиб чиқинглар», деб айтдим. Жағ қисмимдан жароҳат олганим учун: «Ишончинг комилми, юра оласанми, бошинг айланмаяптими?», деб қайта-қайта сўраб, қўлимдан ушлаб шоҳсупагача олиб боришди. «Кумуш»ни олганимда табассум қилолмадим ва аламимни яширолмадим ҳам, кўз ёшларимни ҳам тиёлмадим. Ўша пайт мен учун руҳан оғир кечди. Уч кун стрессда юрдим. Атрофимдагилар, дўстларим ва интернетдаги қўллаб-қувватлашлар туфайли ўзимни қўлга олдим. Ҳозир ҳаммаси яхши. Ғалаба менга берилиши керак бўлган жойда қўлга киритганим кумуш медаль, онам таъбири билан айтганда, олтинга тенг», — дейди у.

Гулжанойнинг сўзларига кўра, олтин ва кумуш медаль олгандаги ҳислар бир-биридан фарқ қилади. Олтин медални қўлга киритганингда елкадан худди тоғ ағдарилгандек ҳис бўлса, бу сафар гўё ўша тоғ қолиб кетгану, унинг устига яна бир бошқа — 2028 йили Лос-Анжелесда бўладиган Ўйинларда «кумуш»ни қайтадан «олтин»га айлантириш юки қўшилгандек.

Фото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивиданФото: Гулжаной Наимованинг шахсий архивидан

Мағлубият инсонни майдонга янада кучли бўлиб қайтишига ёрдам беришини тушуниб етган Гулжанойнинг «ҳар бир инсон, соғлиги қандайлигидан қатъи назар, бахтли бўлиш ва ҳаётда ўз йўлини топишга ҳақли» эканига ишончи комил. Унинг энг катта мақсади — икки карра паралимпия чемпиони бўлиш. Бунинг учун у кўпроқ меҳнат қилиш, янада яхшироқ шуғулланишга тайёр.