Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан фуқаролар мурожаатлари асосида «Хоттабич» савдо белгиси остида ишлаб чиқарилаётган 7 турдаги музқаймоқ синов тариқасида харид қилинди. Қадоғида шакарсизлиги кўрсатилган маҳсулот «X Xasanboy va xolod» фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган, дейилади қўмита хабарида.

Президент администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси тасарруфидаги Санитария-эпидемиология назорати бошқармаси лабораторияси «Хоттабич» музқаймоғининг «Эскимо», «Бананли», «Фисташкали», «Шоколадли», «Олхўри мевали» ва «Пломбир» каби турларида ичак таёқчаси гуруҳидаги бактериялар мавжудлигини аниқлади.

«Течностандард Нео» компанияси аккредитациядан ўтган лаборатория хулосасига кўра, «Эскимо», «Бананли», «Фисташкали», «Шоколадли» ва «Олхўри мевали» музқаймоқларида сахароза миқдори белгиланган меъёрлардан икки баравар юқори, яъни белгиланган 14,5−17,5% ўрнига 37,7−38,1%. Аксинча, «Олма мевали» пломбир маҳсулотида сахароза миқдори етарли эмас.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига кўра, музқаймоқнинг «Эскимо», «Бананли», «Фисташкали», «Шоколадли», «Олхўри мевали», «Олма мевали» ва «Пломбир» турлари таркиби ва маркировкаси умумий техник регламент талабларига номувофиқ.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, музқаймоқ қадоқларида уни истеъмол қилиш вазнни камайтириш, иммунитетни яхшилаш, стрессни енгиллаштириш ва кайфиятни яхшилашга ёрдам бериши айтилади, аммо бу даъволарни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 490-сон қарорида қайд этилишича, назоратни амалга оширувчи давлат органлари техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган тамғаланган озиқ-овқат маҳсулотлари муомалага чиқарилишига йўл қўймаслик, шунингдек, уларни бозорлардан олиб қўйиш бўйича барча чораларни кўриши шарт, таъкидлади қўмита.

Йиғилган маълумотлар чора кўриш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига юборилди.