11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназар раислигида Тошкент шаҳри имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради идора матбуот хизмати.

Муҳокамада айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, фуқаролар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.

Хусусан, 2024 йилнинг ўтган саккиз ойида мана шундай хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритувчи 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилган. Бундан ташқари, яна 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига ҳайфсан интизомий чораси қўлланган.

Муфтий «ҳар бир имом-хатиб дин ва меҳроб омонатини чуқур ҳис этиши, фаолиятини яхшилаб бориши, замон билан ҳамнафасликда доимий билим-малакаларини ошириши ва пешволик мақомига муносиб бўлиши» кераклигини қайд этди.