5 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори [ПҚ-311-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.

Қарорга кўра, давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш Давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат тиббий суғуртаси механизмлари босқичма-босқич жорий этилади, жумладан:

  • давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари тасдиқланади ва ушбу пакетга киритилган тиббий хизматлар ва дори воситалари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан тақдим этилади;
  • кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади;
  • шифокор расмийлаштирган электрон рецепт асосида дори воситалари кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилади ва дорихоналарнинг тегишли сарф-харажатлари жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади (реимбурсация дастури);
  • тиббиёт ташкилотлари фаолиятидаги жараёнларни ўз ичига олувчи «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизими яратилади ҳамда ишга туширилади;
  • кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишга давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб этилади;
  • туман (шаҳар), вилоят ва республика шифохоналарида тиббий ёрдам кўрсатишда касалликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб, бепул даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланади ва амалиётга жорий этилади;
  • имтиёзли тоифадаги шахслар шифокор кўрсатмасига биноан ахборот тизими орқали шакллантириладиган йўлланма асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул даволанади.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 июлдан қуйидагилар давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилган ҳудудларда туман (шаҳар) ва ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасаларида режали стационар тиббий ёрдамни электрон навбат асосида бепул олиш ҳуқуқига эга бўлади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўловчилар;
  • Солиқ кодексига мувофиқ меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун белгиланган миқдорларда солиқ тўлаган шахслар;
  • вояга етмаганлар, таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат пенсиясини олувчилар ҳамда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари.

2027 йил 1 январдан сўнгги бир йил давомида камида 6 ой жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар учун давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам бепул амалга оширилади.

Қарорга мувофиқ, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш доирасида:

  • 2024 йил якунигача «Электрон поликлиника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади;
  • давлат тиббий суғуртасининг ахборот тизими ишлаб чиқилади ҳамда амалиётга жорий қилинади;
  • тиббиёт муассасаси раҳбарига муассасанинг қуввати доирасида бўлинмалар ихтисослашувини, улардаги даво ўринлари сонини ўзгартириш ҳамда ажратилган маблағлар доирасида ходимлар сонини иш ҳажмига мувофиқ белгилаш ваколати берилади;
  • тиббиёт муассасалари учун тасдиқланган штат меъёрлари тавсиявий тусга эга ҳисобланади ҳамда 2025 йил 1 июлдан тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг алоҳида тартиби ҳамда шартлари татбиқ этилади;
  • кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг тасдиқланган стандарт ҳамда протоколларга мувофиқлиги ва сифати назорат қилинади.

2025 йил 1 апрелгача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахслар даволанадиган касалликлар рўйхати ҳамда базавий нархлари касалликларни даволаш йўналишлари асосида барча тиббиёт ташкилотлари учун қайта тасдиқланади.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев 4 сентябрь куни соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда тиббий суғурта механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишганди. Тақдимотда давлат тиббий суғуртаси тизимини 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикасида жорий этиш таклиф этилганди.

Давлат тиббий суғуртаси тизимини бошқа ҳудудларда 2026 йил якунига қадар жорий этиш режалаштирилган.

Тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ҳаракатлар

Президентнинг 2017 йил апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мамлакатда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тегишли қонунни ишлаб чиқиш режалари муҳокама қилинганди.

Президентнинг 2018 йилдаги қарори билан 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилганди.

Давлат раҳбари 2020 йилнинг ноябрь ойида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Айни шу ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилган.

2022 йил декабрь ойида президент ўз мурожаатномасида давлат тиббий суғуртасига ўтиш жараёни жадаллаштирилишини ва у 2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилишини таъкидлаганди.

Йил бошида бу сана 1 июль деб эълон қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги июль ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишни маълум қилган. Шу мақсадда тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Президентнинг сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда тиббий суғуртани жорий этишни якунлаш муддати 2026 йил охири этиб белгиланди.