Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартиришга доир йиғилишда оилаларни камбағалликдан олиб чиқишнинг ечимлари турлича бўлиши кераклигини айтди.

Қайд этилишича, президент топшириғига кўра, мутасаддилар масалани ичига чуқурроқ кириб, энг оғир маҳалладаги ночор оилаларга бориб, нимага кўпроқ эътибор бериш кераклигини ўрганган.

Бу масалада савдо, сервис, тўқимачилик, тиббиёт, овқатланиш, қурилиш, касаначилик, электротехника, транспорт соҳаси тадбиркорлари билан аниқ муҳокамалар ўтказилган.

Ўрганишлар камбағалликни фақат пул тарқатиш билан ҳал қилиб бўлмаслигини кўрсатмоқда, деди президент. У камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини таъкидлади.

Хусусан, ҳозирда 3−5 миллион сўмгача ойлик бераман деган корхоналарда 250 мингта бўш иш ўрни бор. Лекин камбағал оиланинг 35 фоиз ишга лаёқатли аъзоларида билим ва кўникма кам. Бола парвариши билан банд бўлгани эса учун ишлаш хоҳиши бўлган аёлларнинг 43 фоизи ишга бора олмаяпти.

Камбағал оилаларнинг 83 фоизида катта томорқа бор, лекин уларнинг 62 фоизида — сув, 48 фоизида — электр муаммоси бор, яна 50 фоизи марказдаги бозорга боришга қийналмоқда.

Давлат раҳбари йиғилишда камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар аҳволи ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил эмаслигини кўрсатиб ўтди ва туман ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарларига бу борадаги фаолияти сустлиги бўйича қатъий эътироз билдирди.