Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 11 сентябрь куни маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва камбағал оилалар билан ишлаш тизимига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбари камбағалликка тушиш сабаблари ҳар хил экан, ечими ҳам алоҳида-алоҳида бўлиши кераклигини айтди.

Унинг таъкидлашича, камбағалликни қисқартириш бўйича кейинги йиллар учун жуда катта «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури тайёрланмоқда. Унда еттита имконият ва масъулият тамойили асосида Ўзбекистоннинг навбатдаги янги ёндашувлари белгилаб берилади.

Йиғилишда мутасаддиларга ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, улардаги «камбағал оилалар портрети»ни ишлаб чиқиш топширилди.

«Камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади, ҳар бир вазирликнинг аниқ вазифаси кўрсатилади», — деди президент.

Иқтисодий комплекс раҳбари Жамшид Қўчқоров (бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири)нинг тизими оилаларни камбағалликдан олиб чиқишга, ижтимоий ҳимоя бўйича Мансурбек Оллоёров (Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига директори) тизими кимни реестрга киритиш, қайси оилани ундан чиқаришга жавоб бериши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, президент шу йилнинг июль ойида камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя масаласи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зиммасига юкланиши ҳақида гапирганди. Унгача камбағаллик масалалари билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги шуғулланган, олдинроқ эса бунга Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги жавоб берган.